Top.Mail.Ru
×
Menu
Close Menu

СамДУ талабалари Финляндияга ўқишга юбориладими?

    Яқинда Самарқанд давлат университетига ташриф буюрган Финляндиянинг энг ёш ректори Якко Халлила ўз интервьюсида Самарқанддан олган таассуротлари, Самарқанд давлат университети билан келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган бир қанча лойиҳалар, таълимни ривожлантириш бўйича ўзининг шахсий қарашлари ва бошқа фикрлари билан ўртоқлашди.

    - Самарқанддан олган таассуротларингиз қандай?

    - Самарқанд жуда ажойиб шаҳар. Айниқса, тарихий бинолари ниҳоятда гўзал. Одамларининг самимий ва меҳмондўстлиги кишининг дилини хушнуд этади. Чет эллик меҳмонлар учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Ҳаво ҳарорати юқори бўлишига қарамасдан хизмат кўрсатиш соҳаларининг доимий фаолият олиб бораётган таҳсинга сазовор. Университетингиз кампуси жойлашган хиёбон ҳам ниҳоятда гўзаллигини эътироф этмай иложим йўқ. Ҳа айтганча, миллий таомларингиз ҳам менга жуда маъқул бўлди. Паловнинг мазасини ҳеч қачон унутмасам керак. Буларнинг барчаси менинг Самарқанддан олган ёрқин таассуротларим.

    - Самарқанд давлат университети ҳақида нималарни биласиз?

    - Мен Самарқанд давлат университети ҳақида илк марта 2020-йилда ўтказилган халқаро конференцияда эшитганман. Бу ерга келиб билдимки, университет мен ўйлагандан кўра анча салоҳиятли ва нуфузли экан. Ҳозир Самарқанд давлат университети билан биргаликда ишлаётганимиздан жуда ҳам хурсандман.

    - Самарқанд давлат университети билан келгусида қандай ҳамкорлик алоқалари режалаштириляпти?

    - Биз Самарқанд давлат университети ректори, жаноб Рустам Холмуродов билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоладик. Унга кўра, эндиликда биз инсон ресурсларини бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишни йўлга қўймоқчимиз. Шунингдек, магистратура босқичи талабалари учун қўшма таълим дастури ташкил этиш масаласини муҳокама қилдик. Бунда талабалар 1 йил Самарқандда, 1 йил Финляндияда таълим олади. Асосан, иқтисодиёт ва бизнес, инсон ресурсларини бошқариш йўналишларида ўқийдиган талабалар ушбу қўшма таълим дастурига таклиф этилади.

    - Сизнингча илм-фан ва таълимни ривожлантириш учун нима қилиш керак?

    - Биз илм-фанни ривожлантириш масаласини жаноб Рустам Холмуродов билан инсон ресурсларини бошқариш мисолида муҳокама қилдик. Мисол учун, Ўзбекистонда аҳолининг ўсиши ўз-ўзидан ишсизлик муаммосини келтириб чиқаради. Финляндияда эса аҳолининг асосий қисмини ўрта ва катта ёшлилар ташкил этади. Бизда ишга ёшларни жалб этиш муаммо. Бу иккаласини бир муаммонинг турли хил кўринишлари десак, хато бўлмайди. Мен ўйлайманки, агар биз биргаликда ишлаб, муаммо учун ечимни илмий-амалий жиҳатдан исботлаб бера олсак, буни тезлик билан бартараф эта оламиз.

    - Ректоримиз билан бўлган суҳбатда Финландиянинг энг ёш ректори эканлигингизни таъкидладингиз, энг ёш бўлиб ишлаш қийин эмасми?

    - Менимча, ҳар бир одам ўзини қалбан ва жисмонан ёш деб ҳисоблаши керак. Финляндиядаги энг ёш ректор эканлигимни айтганимда, СамДУ ректори Рустам Холмуродов ҳам ўз даврида республиканинг энг ёш ректорларидан бири бўлганлигини айтиб, мени доимо қўллаб-қувватлашини, янгиликлар қилишдан тўхтамаслигимни таъкидлади. Бу мен учун ажойиб руҳлантириш бўлди. Мендан олдинги университетимиз ректори ҳам ўз фаолиятини бошлаганида Финляндиянинг энг ёш ректори бўлган. У университетимизни 28 йилдан кўпроқ вақт давомида бошқариб келди. Ёш бўлиб ишлаш қийин эмас, қачонки ҳамма ўз ишини билиб, вақтида бажарса. Сиз фақат тизимни тўғри йўлга қўя олишингиз лозим.

    - Ўзбекистонда сўнгги 5-6 йилда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида фикрингиз қандай?

    - Мен Ўзбекистондаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб боряпман. Мамлакат сўнгги йилларда барча соҳалар қатори илм-фан учун ҳам ўзини дунёга оча бошлади. Иқтисодиёт соҳасидаги ўсишни алоҳида қайд этиш лозим. Биргина Самарқандни оладиган бўлсак, бу ернинг туристик салоҳияти жуда ҳам юқори ва мен ўйлайманки, бундан максимал даражада фойдаланиш керак. Шунингдек, мамлакатда ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар уларга тўғри йўналиш ва тарбия берилса, улар жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топа олса - бу энг катта ютуқлардан бири бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон ёшларида мен ўрганишга бўлган қизиқиш жуда ҳам юқори эканлигини кўрдим. Бу жуда ҳам қувонарли ҳолат.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.