Top.Mail.Ru
×
Menu
Close Menu

Маккажўхорининг минг бир шифоси

    Бозор расталаримизда алоҳида ўрин олган буғда пиширилган маккажўхорилар кўпчиликнинг севимли маҳсулоти ҳисобланади. Хўш, маккажўхорининг инсон организмига таъсири қандай, уни ейиш кимларга ман этилган? Бу ҳақда олиб борилган тажриба ва олинган илмий натижалар хусусида қуйида тўхталамиз.

    Маккажўхорининг ватани Мексика ҳисобланади. Бугунги кунда озиқ-овқат сифатида маккажўхорининг дони ун,  ёрма, консервалар,  этил спирти,  декстрин,  пиво,  глюкоза,  қанд,  қиём, шароблар,  асал,  мой,  витамин  Е,  аскорбин  ва глутамин кислоталари, маккажўхори таёқчалари, сут ва бошқа кўплаб маҳсулотлар олиш мумкин. Унинг дони жуда ҳам тўйимли бўлиб, таркибида ўртача 10,6% клетчатка, 4-8% ёғ ва 65-70% углеводлар бор. Лекин маккажўхорининг донида оқсил моддалари кам бўлади, шу сабабли маккажўхори унидан нон таёрлашда 25-30% миқдорда буғдой уни қўшиб, нон ёпилади. Шундай бўлса-да, маккажўхори дони жуда тўйимли ҳисобланаб, уй паррандаларига ва молларига озуқа сифатида, бутунлигича ёки ёрма ҳолида берилади. Маккажўхори таркибида 25-40% гача мой моддаси бўлиб, ундан озиқ-овқатда ишлатиладиган ёғ олиш мумкин.

    Самарқанд давлат университети биология факултетида маккажўхорининг биоэкологик хусусиятларини аниқлашга қаратилган бир қатор тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, шулардан ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси доценти Бурхон Авутханов илмий раҳбарлигида магистр Иқлима Ўроқованинг “Бодроқ маккажўхори дурагайларининг қурғоқчиликка чидамлилик хусусиятлари” мавзусидаги тадқиқоти аҳамиятлидир.

    – Бодроқ маккажўхорининг озиқ-овқат саноатида асосан донини ишлатилади, - дейди тадқиқотчи Иқлима Ўроқова. - Шунингдек, пиво ачитқиси, кунжара ҳолидаги чиқиндилар ҳам молларга озуқа сифатида  берилади. Маккажўхори ниҳоят даражада кўп силос ҳамда кўп миқдорда хашак беради. Молларга бериш учун сут-мум пишиқлиги даврида сўталари билан бирга ўриб олинган маккажўхори пояларидан тайёрланган силосдан кўп фойдаланилади. Маккажўхорининг техник аҳамияти шундан иборатки, унинг донидаги крахмал, спирт, глюкоза, цирка кислота, поясидан эса қоғоз, картон, ёғоч спирти, сунъий каучук, сунъий смола ва бошқа ҳар хил маҳсулотлар олинади. Маккажўхорининг барги, пояси ва сўтасидан қоғоз линолеум, вискоза, изолясия материаллари, активлаштирилган кўмир, сунъий пўкак, пластмасса, оғриқсизлантирувчи воситалар ва кўпгина бошқа нарсалар тайёрланади. Маккажўхоридан ҳаммаси бўлиб, 200 дан ортиқ озиқ-овқат, ем-хашак ва техникавий маҳсулотлар, хом-ашёлар тайёрлаш мумкин.

    Маккажўхори таркибида калсий, фосфор, темир, натрий минераллари мавжуд. Ҳафтасига 1-2 дона қайнатилган маккажўхори истеъмол қилиш томирларда тромб ҳосил бўлишининг олдини олади ва қондаги холестерин миқдорини нормаллаштиради. Мунтазам равишда маккажўхори истеъмол қиладиган инсонларни хотира сусайиши умуман безовта қилмайди. Маккажўхори чой сифатида дамлаб ичилса, буйракдаги тошларни парчалайди. Маккажўхори крахмали юздаги ажинларни кетказишда энг яхши восита ҳисобланади. Тўкин дастурхон атрофида қилинган тановулдан сўнг ейилган маккажўхори ёғларни тез парчалашга ёрдам беради. Уни овқатланишдан олдин ейиш орқали таом ҳазмини енгиллаштиришингиз мумкин.

    Маккажўхори ошқозон яраси, гастрит, турли аллергик касалликлар ва ортиқча вазндан азият чекадиган беморларга тавсия этилмайди.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.