Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлари бўйича проректорлари тажриба алмашиш мақсадида ҚарДУ га ташриф буюрди

Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Шаҳзода Негматова ва университетнинг ёшлар масалалари бўйича масъул ходимлари Самарқанд вилоятидаги барча олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари билан бирга Қарши давлат университетига ташриф буюрди. Ундан кўзланган асосий мақсад ўзаро тажриба алмашиш, биргаликдаги алоқалар кўламини кенгайтиришдир.
Меҳмонлар Қарши давлат университетининг янги қурилган ўқув бинолари, илмий ва ўқув лаборатория хоналари, спорт мажмуалари ҳамда талабалар турар жойлари билан танишдилар. Айниқса университетда ташкил этилган янги ситуацион марказ барчада илиқ таассурот қолдирди.
– Ёшларни тарбиялаш масалалари борасида таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги жуда муҳим жараён ҳисобланади, - дейди СамДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Шаҳзода Негматова. - Бугунги ташрифда Қарши давлат университети ўқув жараёнлари ва шарт-шароитлари билан яқиндан танишиш билан бир қаторда талабаларнинг таълим олиш шароитларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, энг асосийси, маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол тарбиялашда биргаликда фаолият олиб бориш бўйича келишувга эришдик. Айниқса, университет ўқув жараёнларини ташкил этиш ва назорат қилиш тизими фаолиятини рақамлаштиришнинг ўзига хос ифодаси бўлган ситуацион марказ менда ижобий таассурот қолдирди.
Ташрифнинг кейинги қисмида меҳмонлар Қашқадарё вилояти қатағон қурбонлари хотираси музейида бўлиб, музей фаолияти, тарихи ҳамда унинг таркибида иш юритадиган Қарши давлат университетининг тарих бўйича илмий кенгаш фаолияти билан танишди.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.