Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультетида иқтисод фанлари номзоди, доцент, халқ таълими аълочиси Акрам Шаҳиди таваллудининг 85 йиллик юбилейи муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори,  профессор Аҳмаджон Солиев кириш сўзи билан очиб, Акрам Шаҳидининг физика-математика соҳасида тутган ўрни ҳақида самимий фикрларини билдирди. Шундан сўнг физика-математика фанлари номзоди, доцент Сайфиддин Амриддинов сўзга чиқиб, Акрам Шаҳидининг илмий-педагогик фаолияти, амалий математикада амалга оширган тадқиқотларига алоҳида тўхталди.

    – Акрам Шаҳиди математика илмининг ноёб дарғаларидан, - дейди Сайфиддин Амриддинов. - Домланинг иқтисодиёт тадқиқотларида замонавий математик методлар ва уларни халқ хўжалигини ривожлантириш масаласига татбиқ этиш бўйича амалга оширган илмий ишлари илм-фанимиз учун янгилик эди.  Акрам Шаҳиди ҳисоблаш математикаси, дастурлаш, оптималлаш методлари бўйича 50 дан ортиқ дарслик ва қўлланмалар муаллифи. Бу китоблар ҳали-ҳануз талабалар учун асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.