Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Баҳодир Хамрақулов ноёб истеъдод соҳиби. Яқинда ўтказилган “Нафис санъат сеҳри” кўргазмасида унинг 40 дан ортиқ ишлари намойиш этилди. Шу кунгача 100 дан зиёд ижодий ишлари билан кўплаб халқаро ва республика танловларида фаол иштирок этган. Хусусан, халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивалида 1-ўринни қўлга киритган. Ўтган йили Россияда ўтказилган “World of young creators” В халқаро санъат форумида 3-ўринни эгаллаган. Шунингдек, “Камолиддин Беҳзод издошлари” кўрик танлови гран-при соҳиби , “Энг ёш ҳунарманд” кўрик танлови ғолиби.

    – Санъат мен учун қалбимдаги ҳиссиётларимни ифодалашнинг энг гўзал ва қулай йўли, - дейди Баҳодир Хамрақулов. - Рассом чизган суратда ҳиссиёт акс этмас экан у қуруқ қоғоз ва рангдан иборат матоҳлигича қолиб кетаверади. Мен тасвирий санъатнинг рангтасвир ва миниатюра йўналишларига қизиқаман. Самарқанд миниатюра мактаби намуналарида асосан манзара, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, маҳаллий халқ қиёфалари, миллий либослари ўз аксини топган бўлади. Шунингдек, яна бир ўзига хос жиҳат оч ва ёрқин ранглар кўп ишлатилади. Мен ҳам ўз миниатюраларим орқали халқимизнинг ўзига хос миллийлигини акс эттиришга ва бу орқали Самарқанд миниатюра мактабига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати