Бугун Тошкентдаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси мажлислар залида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз” шиори остидаги эсселар танловининг якуний-республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар иштирок этди.

    Тадбир аввалида мазкур танлов ўтказилишидан асосий мақсад юртимизда бўлаётган янгиланишларни, пойдевори қурилаётган Учинчи Ренессансни, катта кўламдаги ислоҳотларни ёшлар орасида тарғиб қилиш, улардаги ватанпарварлик руҳини янада кучайтиришга қаратилганлиги айтиб ўтилди.

    Тақдирлаш маросимида Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Самарқаннд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов, Мухлиса Жалилованинг онаси Муҳаббат Набиева, илмий раҳбари – Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Динара Исломовалар Самарқанддаги студиядан онлайн иштирок этдилар.

    Тадбир кўтаринки ва юқори кайфиятда ўтказилди.

    Танловнинг республика босқичида иштирок этган барча талабаларга ноутбуклар совға қилинди.

    Хусусан, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Мухлиса Жалилова мазкур танловда муносиб иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сирожиддин Саййид Самарқанд давлат университети талабаси Мухлиса Жалиловага 10 миллион сўм учун сертификат ва ноутбукни тантанали равишда топширди.

    - Бугунги тадбир жуда ҳаяжонли ўтди, - дейди Мухлиса Жалилованинг онаси Муҳаббат Набиева. – Қизимнинг ушбу ютуғи оиламизга фахр-ифтихор бағишлайди. Қизимнинг бундай ютуқларга эришишида бобоси ва дадасининг ўрни ниҳоятда катта. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовга алоҳида миннатдорлик билдираман. У киши бошчилигидаги университет жамоаси менинг қизим каби ёшларга ажойиб имкониятлар яратиб бермоқда. Барча тадбир ташкилотчиларига раҳмат айтаман.

    - Бугунги эсселар танловида шогирдим Мухлиса Жалилова фахрли учинчи ўринни эгаллади, - дейди Мухлисанинг илмий раҳбари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Динара Исломова. – Бу университетимизда ўз фикрига эга бўлган талабаларга, билимга бўлган эътиборнинг юксак намунаси деб биламан. Бизнинг университетимизда яратилган илмий-ижодий муҳит кенг дунёқарашга эга бўлган ёшларнинг етишиб чиқишига хизмат қилмоқда.

    Тадбирда сўз олган иштирокчилар Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватловчи ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди. Бундай танловларнинг сони эндиликда янада кўпайишига умид билдирдилар.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.