Самарқанд давлат университети ва Франция олий таълим муассасалари ҳамкорлиги давом этмоқда

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Campus France” ахборот маркази бугунгу кунда Франциянинг Пуате, Сорбонна университетлари каби 10 га яқин олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Мазкур ахборот маркази талабаларга француз тилида бепул таълим бериш билан бирга, Франция олий ўқув юртларидаги муҳит, ўқув жараёнлари, таълим шакллари ҳақида маълумот беради.
- “Campus France” маркази талабаларимиз орасида чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади, - дейди марказ директори Нигора Негматова. – Яқинда Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган халқаро форумда иштирок этдик. Форум доирасида Франциянинг бир қатор университетлари профессор-ўқитувчилари билан суҳбатлашганимизда улар Самарқандни тарихдан билишларини, бу машҳур шаҳарнинг университетини кўриш истаклари жуда ҳам юқори эканлигини айтишди.
- Мен келажакда ўқишимни Францияда давом эттирмоқчиман, - дейди СамДУ талабаси Мухлиса Темирова. – Бўш вақтимни чет тилларини ўрганишга сарфлайман. Марказимизда Франция таълим тизими, талабаларнинг дарсга қандай тайёргарлик кўришларидан тортиб, университетларда ўтказиладиган турли илмий конференциялар ва байрамлар ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, бу ерда ташкил этилган бепул француз тили курслари мен каби ёшлар учун айни муддао.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.