Самарқанд давлат университетида вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда университет хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши ҳамкорлигида “Innowomenweek” ихтирочи хотин-қизлар инновацион ҳафталиги доирасида анжуман бўлиб ўтди.

    Тадбирни СамДУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов кириш сўз билан очиб, ҳафталикнинг асосий мақсади ва йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова инновация соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, илмий-техник салоҳиятини ошириш, уларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда олима хотин-қизларнинг ўрни ҳақида маъруза қилди.

    Шунингдек, анжуманда илмий тадқиқот ишларини ташкил қилиш, ишлаб чиқариш соҳаларида инновацион ёндашув масалалари юзасидан ўз соҳасида илмий фаолият олиб бораётган олималар, фаол магистр ва талаба қизларнинг маърузалари тингланди.

    Тадбир якунида хотин-қизларнинг илмий ва инновацион соҳаларда эришаётган ютуқлари таҳлил қилиниб, ушбу соҳада фаоллик кўрсатаётган аёл ва қизлар ташаккурнома билан тақдирландилар.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.