“Академик Ботирхон Валихўжаев ва мумтоз адабиётшунослик” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон фан арбоби, академик, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Ботирхон Валихўжаев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Академик Ботирхон Валихўжаев ва мумтоз адабиётшунослик” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, ЎзРФА вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов ва республикамизнинг таниқли олимлари, илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция “Академик Ботирхон Валихўжаев илмий меросининг ўзбек адабиётшунослигида тутган ўрни”, “Филологик таълим тарихи”, “Ўзбек адабиёти тарихи ва адабий таъсир масалалари”, “Адабий матншунослик: нашр, илмий таҳлил ва талқин”, “Мумтоз асарлари тили ва услуби, ўзбек тили тарихи муаммолари” каби мавзуларда 5 шўбага бўлинган ҳолда ўтказилади.