Самарқанд давлат университетининг икки нафар талабаси Польшада ўтказиладиган халқаро дастурчилар саммитида иштирок этади. Анжуманда Google, Intel, Cisco, UBS, Amazon, Goldman Sachs каби нуфузли компаниялар вакиллари қатнашиши белгиланган.

Рақамли технологиялар факултети талабалари Маҳбуба Салимова ҳамда Гулҳаё Ҳамзаевалар Польшада бўлиб ўтадиган “Perspektywy women in Tech” лойиҳасида иштирок этиш грантини қўлга киритгани ҳақида аввал ҳам маълумот берган эдик. Қуйида ушбу саммитнинг асосий мақсад ва йўналишлари, иштирок этиш шартлари ҳақида тўхталамиз.
“Perspektywy women in Tech” саммити ҳар йили дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирокида ташкил этилади. Унда, асосан, ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган талаба қизлар, дастурлаш соҳасида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этадилар. Шунингдек, жаҳоннинг профессионал IТ дастурчилари, олимлар, Start-UP соҳасида фаолият юритаётган лидерлар ҳам иштирок этиши белгиланган. Июнь ойида Польшанинг Варшава шаҳрида ўтказиладиган икки кунлик саммитда иштирокчилар дастурлаш, кибертехнология, космик технология, рақамли ахборотлаштириш, сунъий интеллект каби йўналишларда соҳа мутахассисларининг маъруза ва тренингларида қатнашишади.
– Польша дастурчилар саммити дунёнинг энг нуфузли дастурчилар тайёрлашга мўлжалланган лойиҳаларидан бири, - дейди иштирокчи Маҳбуба Салимова. – Саммит дастурчи бўлишни истаган қизларга дунёнинг энг нуфузли IТ компанияларида фаолият олиб бораётган нуфузли дастурчилар билан жонли мулоқот қилиш, фикр ва тажриба алмашиш имкониятини беради. Унга иштирокчи сифатида қабул қилинганим мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Айни пайтда саммитнинг тегишли йўналишлари бўйича хорижий тилдаги билимларни мустаҳкамламоқдаман.
Маълумот учун саммитда Google, Intel, Cisco, UBS, Amazon, Goldman Sachs каби нуфузли компаниялар вакиллари қатнашиши белгиланган. Иштирок этмоқчи бўлган қизлардан камида битта чет тилини билиш ва дастурлаш соҳаси бўйича бошланғич маълумотга эга бўлиш талаб қилинади.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.