Самарқанд давлат университети талабаси стратосферага ултразамонавий нанойўлдош учиришда иштирок этди
Самарқанд давлат университети физика факултети талабаси Озода Иноятилло “UniSat”нинг навбатдаги лойиҳаси иштирокчиси бўлди. Эътиборлиси, лойиҳанинг бу галги тадқиқоти Ўзбекистонда амалга оширилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро UNICEF жамғармаси, “Tech4Impact” ННТ ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган лойиҳада “ UniSat”нинг финал босқичи иштирокчиларидан иборат 20 нафар қизлар жамоаси Навоий вилояти ҳудудида ҳаво таркиби ва тозалигини текшириш мақсадида ўзлари ясаган ултразамонавий нанойўлдошни стратосферага учирди. Нанойўлдош қарийб 12 км баландликка кўтарилди ва юқори тезлик ва аниқликда олинган ахборотларни ерга узатди. Олинган маълумотлар тегишли мутахассислар ва илмий жамоатчилик томонидан илмий таҳлил қилинди.
- “UniSat” - шунчаки лойиҳа эмас. Бу билимлар бир ерга жам бўлган нуқта, илм-фандаги қизлар учун жуда катта ва муҳим имконият, - дейди Озода Иноятилло. - Нанойўлдошнинг Ўзбекистонда учирилганлиги фанимиз учун муҳим янгилик бўлди. Биз нанойўлдош олган маълумотларни таҳлил қилиб, Ўзбекистон иқлими ва муҳитига хос кўплаб фойдали метеорологик хусусиятларни аниқладик.
Маълумот учун “UniSat”нинг навбатдаги дастурига аризалар қабул қилиш жараёни жорий йилнинг куз фаслидан бошланади. Унда иштирок этиш истагида бўлган 3D моделлаштириш, космик технология ва нанойўлдошларни лойиҳалашга қизиқувчи барча қизлар ариза топширишлари мумкин.





Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.

