Адолат истайдиган одамнинг ўзи адолат талабларига амал қилиши керак эмасми?
Zarnews интернет нашрида 2022 йил 11 май куни эълон қилинган танқидий материалга Самарқанд давлат университети Ахборот хизматининг муносабати
Арасту : “Менга дўстларим ҳам, ҳақиқат ҳам қадрли, аммо бурч ҳақиқат тарафида бўлишни тақозо қилади”, деб ёзган эди...
Мақолада Гулдона Ахмедованинг тўлов-контракт пулларини ўз вақтида тўлай олмаганлиги ва бунинг оқибатида Самарқанд давлат университети талабалари сафидан чиқарилганлиги айтилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақил бўлган олий таълим муассасаларига талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилганлигини маълум қиламиз.
Ушбу ваколат доирасида, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Илмий Кенгашининг 2022 йил 25 февралдаги 8-сонли баённомаси асосида 2021-2022 ўқув йилининг биринчи ярми учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 2022 йил 25 март кунига қадар узайтирилган.
Барча белгиланган муддатларда шартнома шартларини бажармаган талабалар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги №360-сонли қарори иловасининг 36 - “е” бандига асосан “ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли” талабалар сафидан чиқарилади.
Гулдона Ахмедова тўлов-контракт пулини тўлаш бўйича университет билан тузган шартномасини синчиклаб ўқимаган, ундаги “Талабанинг мажбуриятлари” деб номланувчи қисмидан умуман хабари йўқ ёки шартноманинг ушбу қисмида келтирилган ҳуқуқий нормаларни тан олишни ҳоҳламасдан, ижтимоий муаммоларини важ қилиб кенг жамоатчилик диққатини ўзига қаратмоқчи бўлган.
Келинг шу ўринда аслида нима бўлганлигини қўлимиздаги ҳужжатлар асосида кўриб чиқайлик :
Биринчидан Гулдона Ахмедова 2021 йилнинг 15 сентябрь санасига қадар тўлов-контракт пулини 25 фоизини (1 849 476 сўм ) тўлаган бўлиши керак эди. Амалда мазкур муддатда бир сўм ҳам тўламаган.
Иккинчидан 2022 йил 1 январь санасига қадар Гулдона Ахмедова тўлов- контракт пулини 50 фоизини ( 3 698 952 сўм ) миқдорида тўлаши керак эди. Амалда 1 700 000 сўм тўлаган.
Учинчидан 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига Гулдона Ахмедова тўлов-контракт пулини 75 фоизини (5 548 428 сўм) миқдорида тўлаши керак эди. Амалда у 3 040 642 сўм миқдорида контракт пули тўлаган.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг-чи адолат истаётган Гулдона Ахмедованинг ўзи тўлов-контракт шартномасини қайси шартини ўз вақтида, талаб қилинган миқдорда бажарган. Минг афсуски юқорида келтирилган маълумотларнинг бирортаси аризачининг фойдасига хизмат қилмайди. Шу ўринда ким ҳақу ким ноҳақ эканлигини ажратиб олишни яъни ҳакамликни зукко ўқувчига қолдирамиз.
Адолат истайдиган одамнинг ўзи ҳам адолат талабларига сўзсиз амал қилиши зарур, деб ўйлаймиз. Ўзи ўқийдиган ва ўзи ишлайдиган даргоҳни ёмонотлиқ қилиш, ноҳақ бўла туриб, ҳақман дейиш инсонийлик қонун-қоидаларига ҳам тўғри келмайди.
Zarnews интернет нашри маълумотларни ҳар томонлама текшириб кейин эълон қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ўйлаймиз. Бу борада Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати барча ОАВ билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

