Самарқанд ва Твер давлат университети ҳамкорлиги…
Самарқанд давлат университети биология факультетига Твер давлат университети (Россия) проректори, профессор Андрей Зинонев ва ботаника боғи директори, доцент Юрий Наумсевлар ташриф буюрди. Бундан кўзланган мақсад иккала университет алоқаларини янада ривожлантириш ва Самарқанд давлат университети ботаника боғини қайта лойиҳалаштириш бўйича фикр алмашишдир. Шунингдек талабаларга ботаника ва зоология фанидан маърузалар ўтиш ҳам режалаштирилган.
- Самарқанд давлат университети ботаника боғи ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ташкил топган, майдони 36 гектар. Боғда 5000 дан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар, бутасимон, гул ўсимликлари мавжуд, - дейди СамДУ ботаника кафедраси мудири, профессор Хислат Ҳайдаров. - Улардан табиий ва аниқ фанлар йўналишига доир илмий ишларда фойдаланиб келинмоқда. Ушбу боғда Ўзбекистон флорасига мансуб, ўсимликлар ва бошқа давлат интрадукциясилари ташкил этилган. Қолаверса, антиқа доривор ўсимликлар ва Қизил Китобга киритилган ўсимликлар ўстирилади. Фаолиятимизни янада янгилаш ва ривожлантириш мақсадида хорижий Ботаника боғлари тажрибаларини ўрганиб чиқяпмиз. Шу мақсадда Твер давлат университетидан мутахассисларни жалб қилганмиз. Ҳозирда бу олимлар билан ҳамкорликда СамДУ Ботаника боғини қайта тиклаш лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз. Бу ер нафақат боғ, балки илмий лабораторияларни ҳам ташкил қилиш режамизга киритилган.
- Самарқанд давлат университетига илк бор ташриф буюрдим. Бу ердаги муҳит билан танишар эканман, кадрлар алмашинувини йўлга қўйишимиз керак, деган қарорга келдим, - дейди Твер давлат университети проректори, профессор Андрей Зинонев. – Айниқса, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган зоология музейидаги ноёб экспонатларни кўриб, ҳайрон қолдим. Қолаверса, сизнинг университетингизда зоология ва ботаника соҳасида тадқиқот ўташ учун барча имкониятлар яратилган.





Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

