Самарқанд давлат университетида Россия таълим маркази очилди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Россия таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими координатори Мухтор Носиров кириш сўз билан очди. СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев Россия олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, ушбу марказ талабалар учун Россиянинг ривожланган олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини яратувчи марказ бўлишига ишонч билдирди.
Тадбирда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, халқаро ҳамкорлик бўйича проректорлари иштирок этиб, Самарқанд давлат университети билан йўлга қўйилган икки томонлама муносабатларнинг янада яхшиланишига умид билдирдилар.
- Самарқанд давлат университети Осиёдаги энг тез ривожланаётган олий таълим муассасаларидан бири, - дейди Шимолий Кавказ федераль университети ректори Дмитрий Беспалов. – Мен бунга ўтган йили муҳтарам ректор Рустам Холмуродов билан учрашганимда гувоҳ бўлганман. СамДУ билан ҳамкорлик қилиш биз учун ҳам фойдали бўлади. Биз ҳамкорликда талабалар алмашинуви ва илмий-тадқиқотларни йўлга қўйишни бошладик. Ушбу марказ орқали муносабатларимиз янада яқинлашади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.