Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети кимё факультетида “Ferkensco” кимё заводи бош муҳандиси Равшан Исоқулов иштирокида битирувчи курс талабалари учун семинар тренинг ташкил этилди. Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад талабалар бандлигини таъминлаш ва уларга бўш иш ўринлари таклиф этишга қаратилган. Равшан Исоқулов Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар шаҳарчасида янги қурилаётган кимё заводининг таркибий тузилмалари билан талабаларни таништириб ўтар экан, заводнинг асосий тармоқлари ва бажарадиган вазифалари масалаларига алоҳида тўхталди:

         – Янги қурилаётган завод асосий уч қисмдан иборат бўлади. Улардан биринчиси сулфат кислота олишга ихтисослашган бўлиб, йилига 500 минг тонна ишлаб чиқариш қувватига эга. Иккинчиси фосфорит консентратини ажратиб олишга мўлжалланган. Эътиборли жиҳати шундаки, бошқа кимё заводларида фосфорит махсус йўл билан ажратиб олингандан кейин, тўғридан-тўғри истеъмолчиларга юборилса, бизда тозалаш, филтрлаш, гранулятсия каби бир нечта босқичлардан ўтказилиб, сўнг истеъмолчиларга юборилади. Учинчи қисм тайёр маҳсулот ва минераллар ишлаб чиқаришга йўналган ҳисобланади. Заводнинг ташкил этилиши ўз-ўзидан янги бўш иш ўринларини вужудга келтиради. Биз Самарқанд давлат университетининг билимли ва иқтидорли талабаларини мазкур иш ўринларига фаол равишда жалб этмоқчимиз. Чунки илмли, ўз ишини яхши кўрадиган ходимлар ҳамма жойда кераклидир.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.