Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Диёра Жафарова Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлди ва бугунги санъатнинг том маънодаги “ниҳол”ларидан бирига айланди. Ушбу мукофот эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги йўналишларида маҳорат билан ижод қилаётган, ҳақиқий истеъдодини кўрсатиб бера олган талантли ёшларга берилади.

         Диёра Жафарова мумтоз ва анъанавий хонандалик йўналишида ижод қилади. Унинг бетакрор ва нафис овози бир қатор республика кўрик-танловларида ғолиблик шоҳсупасини забт этган. “Куйла, ёшлигим”, “Ягонасан муқаддас Ватан” “Шоу талантов” танловлари шулар жумласидан.

         Шунингдек, Диёра 2021-йилда республика миқёсида ёш истеъдодларни саралаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ботир Зокиров санъати давомчилари” танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритган. Ҳозирда анъанавий “Bo‘zatov Fest” Ёшлар овози танловининг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган иштирокчилар қаторида тайёргарлик кўрмоқда.

         – Ёшлигимда эстрада ва жазз йўналишига қизиқардим, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Диёра Жафарова. - Коллежни тугатган йилим устозим Зоҳид Салимов билан танишиб қолдим ва у кишига шогирд тушиб, қўшиқчиликдан сабоқ ола бошладим. Устознинг миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизга самимий меҳрини кўриб, менда ҳам  шу йўналишга муҳаббат кучайиб борди ва бу муҳаббат мени мумтоз қўшиқчилик сари етаклади. Аста-секинлик билан мумтоз мақомларимизни ижро эта бошладим. Устоз таъсирида ривожланиб борган истеъдодим сабаб Самарқанд давлат университети талабаси бўлиш бахтига эришдим. Университетда таҳсил олиш чоғида ижодимда кўплаб янги муваффақиятлар ва имкониятлар эшиги очилди. Бу борада менга устозлик қилган Шерзод Ҳаққулов, Дилором Турсунова, Миршоҳид Муродов каби ўқитувчиларимнинг хизмати катта. “Ниҳол” давлат мукофотига лойиқ кўрилганим мен учун ниҳоятда кутилмаган ва қувонарли ҳол бўлди. Ушбу мукофот нафақат муваффақиятларимда янги бурилиш, балки орзуларим йўлидаги янги қадам сифатида улкан имкониятлар эшигини очди. Энди “Ниҳол” очиб берган бу йўлни шижоат билан давом эттиришим, янги марраларни забт этишим керак. Келгусидаги мақсадларим мумтоз қўшиқчилигимизни янада юксалтириш ва ўзбек миллий мақом санъатини дунё бўйлаб тараннум этиш.

         Бугунги санъат оламида ёш ижодкорлар жуда кўп. Кўксида милтиллаган чўғ билан санъат оламига кириб келган ҳар бир ёш истеъдод том маънода, бир ниҳолдир. Бир қарашда уларнинг ҳар бири қўллаб-қувватлаш ва эътирофга арзийди. Аммо “Ниҳол” энг муносибларгагина насиб этади. Ушбу мукофот санъат “ниҳол”ларининг униб-ўсиши, гуркираган дарахтга айланишида муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.