“Карьера куни – меҳнат ярмаркаси” талабаларга шундай имконият яратдими⁈

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ташкил этилган  “Карьера куни – меҳнат ярмаркаси” талабалар учун ўз соҳаларида доимий иш топиш имкониятини тақдим этди. Эътиборлиси, талабгорлар иш қидириб давлат ташкилотлари эшигида овора бўлгани йўқ. Вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳамда 100 дан ортиқ давлат ташкилотлари: умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, хусусий корхона ва масъулияти чекланган жамиятларнинг ўзлари талабгорларга тегишли йўналишлардаги вакантларини тақдим этди. Таклиф этилаётган иш ўринлари, халқ таълими, тиббиёт, туризм, ҳуқуқшунослик каби турли-туман йўналишларда бўлиб, талабалар ўзлари учун қулай бўлган муассасани танлашлари ҳамда келишув ва суҳбат асосида ишга жойлашишлари мумкин.

    – Меҳнат ярмаркасида таклиф қилинаётган барча иш ўринлари билан танишиб чиқдим, - дейди мактабгача ва бошланғич таълим факультети 3-босқич талабаси Барчиной Абдусаидова, - Вилоятдаги кўплаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи  методист, инглиз тили тўгарак раҳбари, жисмоний йўриқчи, мусиқа раҳбари, хореограф каби лавозимларда бўш ўринлар мавжуд экан. Ўзим учун қулай бўлган боғчани танлаб, тарбиячи методист лавозимига маълумотларимни топширдим ва суҳбатга таклиф этилдим.

    – Бугунги ярмарка иш қидириб юрган талабалар учун ниҳоятда катта имкониятлар эшигини очмоқда, - дейди тарих факультети 3-босқич талабаси Зуҳриддин Асқаров, - Талабаларга таклиф этилаётган иш ўринлари ҳар томонлама қулай ва иккала томон манфаатлари учун ҳам фойдали. Ярмаркада қатнашаётган мактаблар ўртача 1 – 1,5 миллион сўм ойлик маошли лавозимларни таклиф қилишмоқда. Ўйлайманки, бу талаба учун анчайин яхши таклиф. Мен 81-умумтаълим мактабига тарих ўқитувчиси лавозимига маълумотларимни топширдим. Шундай муҳим имкониятдан фойдаланиб қолганимдан мамнунман.

    Талабалар бандлигини таъминлаш асосий масала сифатида кўтарилаётган бугунги замонда бу каби меҳнат ярмаркалари ёшлар учун қулай имконият. Шундай экан, ундан ўз карерасини шакллантириш йўлида фойдаланиб қолиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.