Бриофитлар нима ва қандай мақсадларда фойдаланилади?
Самарқанд давлат университети биология факультети докторанти Фаррух Абдирасулов, бриофлора ва унинг биекологик тавсифи бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари СамДУ ботаника кафедраси доценти Холмурод Жалов.
Тадқиқотчининг мавзуга доир 20 га яқин илмий мақолалари ва тезислари чоп этилган.
Бриофитлар (мохлар ёки йўсинлар) бу ўсимликлар оламида алоҳида бўлим бўлиб, миқдор ва аҳамияти жиҳатидан поя баргли ўсимликлар ичида иккинчи ўринни эгаллайди. Бриофитларни ўрганувчи фан бриологиядир.
- Бриофитлар ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган, лекин табиатда, инсон ҳаётида, халқ хўжалигидаги муҳим аҳамиятга эга, - дейди докторант Фаррух Абдирасулов. - Бриофитлар доимий яшил ўсимликлар бўлиб, ўсишда жой танламайди. Бунинг натижасида у доимий кислород манбайи бўлиб қолмасдан, атмосфера, сув ва тупроқ таркибидаги элементларни тўплаб, муҳим биоиндекатор функциясини бажаради. Яъни юқоридаги унсурларнинг ифлосланишидан сақлайди. Шунингдек, сув экосистемасида умуртқасиз ҳайвонлар учун озуқа, яшаш макони бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари бриофитларни тиббиёт ва фарматсефтика саноатида қон тўхтатувчи, жигар ҳужайраларини тикловчи, инсон организмидаги паразит бактерия ва замбуруғларга қарши восита сифатида фойдаланиш мумкин. Қурилишда уй томларини сиртқи қисмини ёпишда мустаҳкамликни таъминлаш учун ишлатиш мумкин. Ёқилғи энергетикасида фойдаланиладиган қазилма торф моддасини ҳосил қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозирги кунда меҳмонхона, ресторан ва корхоналарни замонавий кўриниш ҳосил қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни хона деворларини бриофитлар билан безаш билан биргаликда ҳавони тозлаш функциясини бажаради…



Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

