Амалий ишлар даври

    Самарқанд давлат университети:

    Магистрлар учун ноанъанавий дарс...

    ...СамДУ  филология факультети  магистрларига   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, профессор Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг дарси бошланди.

    ...Кутилмаганда Тошкент билан боғланилди. Таниқли навоийшунос,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Султонмурод Олимнинг “Лисон ут-тайр” достонида комиллик ва фано тимсоли мавзусидаги онлайн маърузасини тингладик.

    Улуғ олимларнинг фикр-мулоҳазаларига ғарқ бўлиб, вақт  ўтганини ҳам сезмай қолдик.  “Лисон ут-тайр” қандай омиллар асосида пайдо бўлганлиги, Шайх Санъон ҳақидаги ҳикоят ва асардаги рамзий тимсоллар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.

    - Шайх Санъон ҳақидаги ҳикоят Алишер Навоийнинг  «Лисон ут-тайр» достонида 79-боб тарзида келган. Бу - маснавийдаги энг йирик боб, - дейди  Султонмурод Олим. -  У 520 байт, яъни 1040 мисрадан иборат. Достондаги бошқа бирор ҳикоят,  боб  ҳажман бунга яқин ҳам келмайди. Шунга кўра,  баъзи олимлар уни  «достон ичра достон» деб ҳам ҳисоблайди. Чунки мазкур бобда Шайх Санъон ишқи жуда батафсил баён этилади. Шунинг учун, бошқа ҳикоятлардан фарқли ўлароқ, буни алоҳида асар сифатида ўқувчига тақдим этса ҳам бўлади. Мутолаа қилган китобхон мустақил асар ўқигандек маънавий ва бадиий завқ олади…

    -Бундан кейин дарсларимизга ўтилаётган мавзу бўйича илмий тадқиқот олиб борган етук олимларни жалб этишни йўлга қўямиз,-дейди Муслиҳиддин Муҳиддинов.-Бу фикрлар хилма-хиллигига, баҳс-мунозараларга олиб келади. Шунингдек, ҳар бир мавзуни ичига чуқурроқ кириш имконини беради. Магистрларимиз бўлғуси илм изловчилар эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак бу жуда муҳимдир...

    - Бугунги дарс  бутунлай бошқача услубда ўтди. Менда катта таассурот қолдирди. Тўғрисини айтганда, магистрлар учун ноанъанавий дарслар жуда зарур, деб ҳисоблайман. Айниқса, бизда юксак даражадаги фикрлар, илмий янгиликларга ташналик бор, - дейди магистрант Умиджон Тошмаматов. – Келгусида ҳам бугунгидай дарслар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар икки устозимизга ҳам раҳмат. Бугунги кун биз учун эсда қоларли унутилмас кун бўлди...

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

филология факультети магистранти.