Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида «Таълим сифатини ошириш ва ўқитувчилар мақомини юксалтириш» мавзусида халқаро илмий-амалий бўлиб ўтди.

         Унда Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляйхер, вилоят халқ таълими масъуллари ва ўқитувчилар иштирок этди.

         Тадбирда мактаб таълимини янги ривожланиш босқичига кўтариш бўйича Самарқанд тажрибасини яратиш ҳақида сўз борди.

         Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев ўз маърузасида таълим сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида айтиб ўтди.

         Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов мактаб таълимини замонавийлаштириш, ўқитувчининг илмий-педагогик ва методик салоҳиятини ошириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

         PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляйхер ҳам ўз маърузаси билан иштирок этиб, дастурнинг асосий мақсади мактаб таълимини ривожлантириш эканлиги, соҳани ривожлантириш учун барча биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.

          Тадбир савол-жавоб ва муҳокамалар тарзида давом эттирилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.