Китобхонлик кечаси ўтказилди
Самарқанд давлат университети ахборот-ресурс марказида мактабгача ва бошланғич таълим факултети томонидан китобхонлик кечаси ўтказилди. Унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Мунгли кўзлар” романи асосида “Илмсизлик - жамият таназзули” мавзусида фикр алмашилди. Кечани СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаш раиси, ректор маслаҳатчиси Шарофат Тўхлиева кириш сўз билан очди.
Тадбирда ёш авлод маънавиятини ўстиришда китобхонликнинг аҳамияти, болаларнинг китобга меҳр уйғотиши масалаларига алоҳида эътибор берилиши кераклиги борасида муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан талабалар “Мунгли кўзлар” романида акс этган жамият қусурлари: коррупсия, мол-мулкка бутунлай ихлос қўйган ота-она ҳамда бегуноҳ фарзандларнинг фожиали қисмати, буларнинг барчасига сабаб бўлувчи илмсизлик ва маънавий қолоқлик борасидаги фикрлари ҳамда асар таассуротлари билан ўртоқлашишди. Асар бадиияти, ундаги образлар характери ва дунёқарашининг хилма-хиллиги асосида ёзувчининг жамиятга, унда рўй бераётган камчиликларга бўлган муносабати ҳақидаги теран фикрлар фаол баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.






Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

