Самарқанд давлат университети ва Қозон федераль университети ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилади
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Қозон федераль университети халқаро ҳамкорлик институти директори Рамил Хайрутдинов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов билан ўтказилган учрашувда муносабатларни янада кучайтириш, ҳамкорликда турли илмий тадқиқотлар олиб бориш, қўшма таълим дастурлари ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Томонларнинг келишувига кўра, асосан, ижтимоий фанлар, тарих, археология, рус ва инглиз филологияси йўналишларидаги алоқалар янада кучайтирилиб, профессор-ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйиладиган бўлди.
- Самарқанд давлат университети бизнинг Марказий Осиёдаги энг яқин ҳамкор университетларимиздан бири, - дейди Қозон федераль университети халқаро ҳамкорлик институти директори Рамил Хайрутдинов. - Биз ушбу қадимий олий таълим муассасаси билан мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бугунги музокараларимиз мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Сўнгги вақтларда университетингиз илмий салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Биз ҳам сиз билан биргаликда турли илмий тадқиқотлар қилиш ниятидамиз. Ўйлайманки, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиш биз учун ҳар томонлама манфаатли ва фойдали бўлади.



Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

