Самарқанд давлат университетига Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан ўтказилган учрашувда Россия олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, СамДУ да Россия таълим маркази очилиши муҳокама қилинди.

    - Бугунги кунда Россиянинг 30 га яқин олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз, - дейди Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов. - Муносабатларни янада юқори даражада ривожлантириш мақсадида СамДУ да Россия таълим марказини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия олий таълим муассасалари ушбу марказда ўз лойиҳа ва тақдимотларини амалга ошириши мумкин. Самарқанд давлат университети техник ва табиий йўналишидаги қўшма таълим дастурлари Россия олий ўқув юртлари билан тематик йўналишда курслар ва техник лабораториялар ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Қолаверса, илмий-амалий конференсиялар, семинарлар, симпозиумлар, маҳорат дарслари, маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Беҳруз Шамсиддинов,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.