Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факултетида университет хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши ташаббуси билан “Дунё гўзал, сен дунёга кулиб боқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси Шарофат Тўхлиева сўзга чиқиб, талаба қизларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари, тегишли масалалардаги ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари юзасидан маълумот берди. Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш гендер тенгликни таъминлашнинг асосий шарти эканлигини таъкидлади. Бу борада бажарилаётган амалий ишларнинг мазмун-моҳияти билан талаба қизларни таништирди.

    Шунингдек, тадбирда психология назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Умида Бўтаева, фалсафа ва миллий ғоя кафедраси доценти Раъно Тошқувватова, география ва экология факультети хотин-қизлар масалалари кенгаши раиси Танзила Мажидова, мактабгача ва бошланғич таълим факультети хотин-қизлар масалалари кенгаши раиси Моҳина Аҳроровалар ҳам иштирок этди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар шахс маънавиятини шакллантиришда оиланинг ўрни, инсон хилқати баркамоллигига таъсир кўрсатувчи омиллар, ўз-ўзини англаш, ўзаро тушуниш мавзуларида маърузалар қилди.

    Психолог Умида Бўтаеванинг инсонлар ўртасида ўзаро бир-бири англаш, руҳий чарчоқ ва ташвишларга сабаб бўлувчи омиллар ва уларни енгиш ҳамда стрессдан чиқиш йўллари борасидаги психологик маслаҳатлари талаба қизлар учун ниҳоятда фойдали бўлди. Суҳбат якунида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзулар, қийнаётган муаммолар юзасидан таклиф ва саволлар бериб, тегишли мутахассислардан жавоб олишди.   

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.