Ёнингиздамиз…

Тақдир тақазоси билан ота-она меҳридан жудо бўлган талабалар билан ректор учрашуви бўлиб ўтди. Мақсад - уларнинг муаммоларини ўрганиш, қалбига қулоқ тутиш. Самарқанд давлат университетида таҳсил олаётган 51 нафар ушбу тоифага мансуб йигит-қиз ректорга юрагини тўкиб солди. Мулоқот ректор ва ёшлар ўртасида очиқ ва самимий руҳда ташкил этилди.
Ноила Файзуллаева, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси:
- Тикувчилик қила оламан, лекин тикув машинаси олиш учун имкониятим етарли эмас. Бугунги учрашувда ушбу муаммони айтган эдим, ректоримиз буни ижобий ҳал қилиб беришини айтди. Шунингдек, университетимиз ректори талабаларнинг чет тилларини ўрганиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратиб, эндиликда барча ётоқхоналарда бепул чет тили курслари ташкил этилишини маълум қилди.
Шоҳрух Очилов, Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси:
- Бугунги учрашувни умуман кутмагандим. Мен каби 51 нафар талабанинг муаммоси ўрганилди. Ўзим шартнома пулини тўлашга қийналаётган эдим. Бу муаммони айтганимда, ректоримиз Рустам Холмуродов ижобий қабул қилиб, ёрдам беришини айтди. Мен бундан жуда хурсандман.
Шаҳноза Облоқулова, Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети талабаси:
- Битирувчи курс талабасиман ва оилалиман. Турмуш ўртоғим ҳам талаба. Ташкилий ишларга қизиқаман, бунинг учун менда қобилият бор. Турли идоралардан иш сўраб борганимда рад жавоби беришди. Муаммони ректоримиз Рустам Холмуродовга айтгандим, шахсан ўзи ёрдам беришини билдирди.
- Мен Пайариқданман. Турар жой билан боғлиқ қийинчилигим бор, - дейди Самарқанд давлат университети кимё факультети талабаси Муҳаммад Раҳмонқулов. - Қолаверса иш ҳам тополмадим. Бугунги учрашувда ректоримизга мурожаат қилдим. У киши иш топиб беришларини, турар жой билан таъминлашларини билдирди. Бу учун тегишли масъулларга топшириқ ҳам берди. ётоқхонага бепул туришлари учун барча шароит яратиб берилиши бўлди. Бу имкониятлар учун ректоримиздан миннатдормиз.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.