Самарқанд давлат университети тарих факультетига Москва давлат университет профессори, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг  катта илмий ходими Наргис Нурулла-Ходжаева “Буюк ипак йўлининг маданиятлар, диний эътиқодлар алмашинувидаги ўрни” мавзусида маъруза ўтди.

    – Қадимий бой тарихга эга бўлган Турон диёри, бир қатор маданий, диний эътиқодлар маркази сифатида дунёда эътироф этилган.  Инсоният олами тараққиётида ғоят юксак ўрин тутган Буюк ипак йўли  дунёнинг ҳар икки томонини ўзаро ва ҳар томонлама узвий боғлаган, - дейди профессор Наргис Нурулла-Ходжаева. - Жаҳон тарихида у буюк саёҳат ва буюк савдо йўли сифатида ҳам машҳур. Буюк ипак йўли қадимий цивилизация эришган улкан ютуқлардан биридир. Бу йўл нафақат савдо, балки турли халқ ва элатлар орасида маданий алоқалар йўли ҳам эди. Буюк ипак йўли орқали халқаро иқтисодий, сиёсий ва маданий муносабатлар бир минтақадан иккинчи минтақага савдогарлар, элчилар, олиму-уламолар, фозилу-фузалоларнинг мунтазам ҳаракатларида яққол намоён бўлди. Буюк ипак йўли устида жойлашган мамлакатлар халқлари маънавияти ва маорифида, улар ўртасидаги асрий алоқаларнинг сезиларли изи бор.

    - Буюк ипак йўли танлов фани бўйича чуқур билимларга эга бўлиш талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш йўлидаги энг самарали восита сифатида аҳамиятлидир, - дейди СамДУ жаҳон тарихи кафедраси мудири, доцент Шоҳиста Ҳамроқулова. -  Қолаверса, мамлакатимиз ҳамкорлик қилаётган давлатларнинг ривожланиш даражасини, халқларнинг менталитети, урф-одатларини, маданиятини тушуниб етиш учун ҳам жаҳон тарихи фани беқиёс ўринга эга. Шу сабабдан ҳам талабаларимизга танлов фандан дарс бериш учун хорижий олимларни таклиф қилганмиз. Танлаб олинган Буюк ипак йўли фани қадимги дунё ва ўрта асрлар тарихининг ижтимоий  иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий тараққиёти хусусида маълумотлар, таҳлиллар ва хулосалар беради. Талаба биргина шу танлов фан орқали қадимги Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея, Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Европа давлатлари тарихи билан танишиб чиқади.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.