Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети магистранти Гўзал Салоева “Иссиқхона шароитида помидорнинг асосий зараркунандалари ва улар миқдорини кимёвий усулда бошқариш” мавзусида тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедраси профессори Элмурод Умурзоқов.

    Гўзал Салоева 2019-2020-ўқув йилида Беруний номли давлат стипендияси соҳиби бўлган. Бугунгача 10 га яқин мақолалари билан халқаро илмий конференцияларда иштирок этган. Жумладан, Россия, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатларнинг нуфузли нашларида унинг илмий мақолалари чоп этилган.

    - Магистрлик диссертациям қишлоқ хўжалиги товарларининг экспортбоблигини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, - дейди Гўзал Салоева. - Иссиқхона шароитида помидорнинг зараркунанда турлари, зарари, биоэкологияси ва уларга қарши янги замонавий пеститсид турларини ўрганяпман. Тадқиқот олиб бориш учун “Алламина” помидор навини танлаб олганмиз. Ҳозирги кунда карантин объектлари бўлган зараркунандаларга (бит, оққанот, каналар) қарши кимёвий воситаларни қўллаш ва уларни таъсирини ўрганиш қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳашаротларга қарши кимёвий препаратлар: химидор, мостплан, камфидор каби дори воситаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу зараркунандалар ўсимлик баргларини сўриш орқали зарар етказади. Бу ҳосилдорлик камайишига сезиларли даражада ўз таъсирини кўрсатади. Тадқиқот давомида зараркунандаларни ва уларнинг миқдорини кимёвий усулда бошқаришни ўрганяпман. Кейинчалик биз буни амалиётга жорий қилиб, нафақат иссиқхоналарда балки оддий аҳоли орасида ҳам тарғиб қилмоқчимиз. Зеро, биз истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсиз, ишончли бўлса одамларимиз соғлом бўлади.

 

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.