Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида  Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, академик Ботирхон Валихўжаев хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    Унда мунтоз адабиёт тарихи кафедраси доценти, Эркин Мусурмонов, тилшунос олим Толиб Жўраев, шоир Ёр Муҳаммад ва филология фанлари доктори Назмия Муҳиддиновалар маърузалари билан иштирок этдилар. Олимлар Ботирхон Валихўжаев билан боғлиқ хотираларини бўлишаркан, умр саҳифаларининг устозлари билан боғлиқ нуқталарини ўзгача ҳаяжон ва кези келганда кўзларида ёш билан эсладилар. Шоир Ёр Муҳаммад томонидан ўқилган соф, самимий хотиралар, оташин ҳислар билан тўлган шеърлар устоз хотирасига эҳтиромнинг самимий ифодаси бўлди.

    – Ботирхон Валихўжаев билан ўтган асрнинг 80 йилларида танишганмиз, - дейди шоир Ёр Муҳаммад Рустамов. - У вақтлар мен Самарқанд давлат университетида ўқирдим. Устоз содда, дилкаш, камтар, камсуқум инсон, кучли илмий салоҳияти ила катта илмий мактабга ярата олган фан арбоби эдилар. Ўз илми билан нафақат юртимизни, балки дунёни ҳам забт этиб, Самарқанднинг биринчи даражали зиёли олими, деган шарафли ном билан эътироф этиладиган ҳақиқий аллома инсон эди.

    – Ҳаётим давомида академик Ботирхон Валихўжаевдек инсон билан учрашиш,  қўлларида сабоқ олиш, шогирдлик мақомларига эришиш бахтига мушарраф бўлганим менинг бахтим, - дейди тилшунос олим Толиб Жўраев. - Устоз тасаввуримиздаги комиллик мезонларига сиғмайдиган одам эдилар. Шогирдларини ўз фарзандидек кўрар, бирор марта қаттиқ гапирганларини эслолмайман.  Ботирхон Валихўжаевнинг ҳар бир дарси ўзига хос бир кашфиёт эди. Талабалар худди илоҳий қувват билан сеҳрлангандек дарс тинглар, ҳатто қўнғироқ чалинганини ҳам эшитмасдик. Устознинг маърузаларига бошқа курс талабалари ва университетга алоқадор бўлмаган оддий адабиёт ихлосмандлари ҳам қимматли сабоқларидан баҳраманд бўлиш учун келишарди. Бу каби инсонлар ҳаётда жуда кам учрайди, эҳтимол бошқа учрамас ҳам.  Устоз ўзининг нафақат кучли илми, балки соф инсоний фазилатлари билан исмининг ҳар бир ҳарфи бош ҳарфлар билан ёзса арзийдиган бетакрор шахс эди.

    Тадбир давомида талабалар академик ҳаёти ва фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. «Шалола» тўгараги аъзолари томонидан айтилган ижод намуналари тадбирни ўзига хос тарзда якунлаб берди.  

Ирода БEКМУРОДОВА

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.