Самарқанд давлат универститети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари билан учрашув ўтказди.

    Мазкур даргоҳ 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, у табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар, муҳандислик ҳамда ахборот технологияларига ихтисослашган. Мактабда бугунги кунда 145 нафар ўқувчи таълим олади.

    Рустам Холмуродов ўқувчиларга бугун Янги Ўзбекистонда илм-фанга бўлган эътибор замирида билимли, янгича фикрлайдиган, замонавий авлодни тарбиялаш эканлигини таъкидлади. Ўқувчиларнинг ўқиши, илм олиши учун ҳозирги вақтда керакли барча шароитлар яратиб берилганлиги, уларнинг олдидаги асосий вазифа фақатгина ўқиш, чет тилларини ўрганиш лозимлигини айтиб ўтди.

    - Президент мактабларида ҳақиқий маънода миллатимизнинг олтин фондимиз тарбияланади. Бу осон бўлмайди, албатта, - деди Рустам Холмуродов. - Лекин мен ишонаманки, сиз ҳозирги имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз соҳангизни мукаммал ўзлаштирасиз. Сизнинг кўзларингизга қараб, ўз ёшлигимни эсладим. Мамлакатимизнинг ривожланиши учун биргина йўлимиз бор. Бу илм, таълим, билимдир.

    Шунингдек, Рустам Холмуродов ўқувчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди, болалар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари, мақсадлари билан қизиқди.

    Сарвар Тошмуродов, Президент мактаби ўқувчиси:

    – Президент мактабида хорижлик малакали ўқитувчилар дарс беради. Мен фанларни батафсил ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Келажакда ўқишимни АҚШ да давом эттириб, етук инженер бўлиш мақсадим бор.  Бугунги учрашувда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов илм-фан ислоҳотларининг туб мақсади ва биз каби ўқувчилардан кутилаётган натижалар ҳақида айтиб ўтди. Мен ушбу суҳбатдан жуда ҳам руҳландим. Ўз олдимга янги мақсадлар қўйдим.

    Асилбек Тошбоев, Президент мактаби ўқувчиси:               

    – Бугун дунёнинг энг бахтли болалари  ким деб сўрашса, биз ҳеч иккиланмай ўзимизни мисол қилиб кўрсата оламиз. Сабаби биз бугун жаҳон тажрибаси асосидаги, сўнгги технологиялар билан жиҳозланган Президент мактабида ўқияпмиз. Бизга ҳамма ҳавас кўзи билан қарайди. Мактабимизда Америка, Ҳиндистон, Флиппин каби давлатлардан юқори малака ва тажрибага эга олимлар сабоқ беришмоқда. Энг асосийси дарсларимиз чет тилида олиб борилади. Бугун Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан бўлган учрашувда зиммамизда улкан масъулият борлигига  яна бир карра амин бўлдим. Сабаби, Рустам Холмуродов таъкидлаганидек, “Давлатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши – илм-фаннинг  ривожланишига боғлиқ”. Шунинг учун ҳам бизга берилаётган имкониятлардан ҳозир фойдаланмасак, кейин кеч бўлиши мумкин...

    Учрашув сўнгида ўқувчиларга Самарқанд давлат университетининг бугунги фаолияти, унинг дунёдаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлиги тўғрисида маълумот берилди ва ректор томонидан ўқувчиларга бадиий китоблар совға қилинди.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.