Самарқанд давлат университетининг докторантлари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини қутлайди

Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари тарихида 2016-2022 йиллар алоҳида ўрин тутади. Президентларимизнинг тарихий адолатни тиклаш йўлида ташлаган муҳим қадамлари миллионлар қалбида акс садо бермоқда. Халқларимиз бир-бирига интилмоқда, яқинлашмоқда, қўллаб-қувватламоқда. Туркия Ўзбекистон учун, Ўзбекистон Туркия учун муҳим стратегик ҳамкорга, ҳамнафасга айланди. Турли соҳалар қатори илм-фан намояндаларининг ўзаро алоқалари энг юксак босқичга кўтарилганлигини кўриб, билиб турибмиз. Самарқанд давлат университети Туркияда ҳам машҳур бўлиб, СамДУ да ўқиш, илмий иш қилиш истагидаги ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Ҳар иккала томоннинг ҳам интилиш ва қизиқишлари, таклиф ва истаклари инобатга олиниши бир-биримизни янада яқинроқ тушуниш, англаш имкониятини бермоқда. Самарқанд давлат университетида Туркиялик ўнлаб олимларни дарс ўтаётгани, илмий тадқиқотчилар изланиш олиб бораётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Эмраҳ Йилмаз, Самарқанд давлат университети докторанти (Туркия):
- Самарқандга келиб таълим олиш менинг ёшликдаги орзуйим эди. Бугун халқларимиз ўртасида тикланган азалий қардошлик алоқалари туфайли менинг орзум амалга ошмоқда. Бугунги кунда Самарқанд давлат университети филология факультети докторантура босқичида таҳсил олмоқдаман. Таниқли турколог олим, филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров илмий раҳбарлигида “Маҳтумқули Фироғий асарларидаги фразеологизмларнинг лексикологик ва семантик тадқиқи” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқдаман. Бугунга қадар 10 га яқин илмий мақолаларим нуфузли нашрларда чоп этилди. 5 китобни туркман тилидан турк тилига таржима қилганман. Самарқанд давлат университети ўзининг қадимийлиги, илм-маърифат, маданият маркази эканлиги билан бутун дунёда машҳур. Бугун мен ана шундай даргоҳда таълим олаётганлигимдан фахрланаман.
Туғба Йилмаз, Самарқанд давлат университети докторанти (Туркия):
- Ўзбек шоирлари ўзининг самимияти, халқчиллиги, киши қалбидаги туйғуларни содда тилда акс эттириши билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби буюк шоирларингиз шеърларини жуда севиб мутолаа қиламан. Илмий тадқиқот фаолиятим ҳам “Абдулла Орипов шеърларида тасаввур ва образ” мавзусида. Самарқанд давлат университетининг юртимиздаги кўплаб олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани бизни жуда қувонтиради. СамДУ даги илмий-ижодий муҳитни, илм-фанга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлашим лозим.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.