Самарқанд давлат университетида Наврўз байрами кенг нишонланди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Наврўз шодиёналари илм-фаннинг илғор ютуқлари билан ҳамоҳанг тарзда ўтказилди. Байрам муносабати билан “Илм-фан мамлакат тараққиётининг стратегияси” шиори остида илмий-ижодий кўргазма ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг олиб бораётган илмий тадқиқотлари, изланишлари намойиш этилди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди:
- Бугунги Наврўз шодиёналари илм-фан байроғи остида бўлиб ўтмоқда. Чунки сўнгги 6 йилдан бери Янги Ўзбекистонимизда бу соҳага жуда катта эътибор берилди ва бу жараён давом этяпти, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. - Тараққиётнинг асосий омили сифатида илм кўрилмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий, унинг яқин келажакдаги ривожланиши илм-фан ва таълим билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам илм-фанга, таълимга бўлган эътибор даври келди. Бизнинг бош мақсадимиз СамДУ да илмий салоҳиятни ошириш. Профессор-ўқитувчиларни илмий ишлари учун рағбатлантириш, жаҳон илм-фанига интеграциялашув. Илмий мактаблар шуҳратини тиклаш. Ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш.
Шунингдек, тадбир давомида Самарқанд давлат университети ректорининг буйруғига кўра 2021 йил якунлари бўйича академик кўрсатгичлари юқори, СCОПУС ва ВЕБ ОФ СCИЕНCЕ халқаро илмий-техник маълумотлар базасига кирган журналларда илмий мақола чоп этган 20 нафар профессор-ўқитувчи беш миллион сўмдан, 30га яқин хўжалик бўлим ходими бир миллион сўмдан, 24 нафар фахрий профессор-ўқитувчи бир миллион сўмдан, шунингдек, яна 30 нафар профессор-ўқитувчи университет бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Бугунги олий таълимдаги бўлаётган ўзгаришлар биз каби олимларни янада шижоат ва шиддат билан меҳнат қилишга, ишлашга ундамоқда, - дейди ноорганик кимё ва материалшунослик кафедраси доценти Хуршид Тошпўлатов. - Мазкур тадбир илм-фанни ривожлантириш, ўқитувчилар илмий салоҳиятини ошириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсади остида ўтказилгани илм-фанга бўлган эътиборнинг юксак намунаси бўлди. Ўйлайманки, ушбу эътибор ва қўллаб-қувватлаш илмда эришилган юқори натижаларни янада оширишга хизмат қилади. Шу билан биргаликда истеъдодли ёшларни ҳам фанга, илмий тадқиқотларга жалб қилишига ишончим комил.
Тадбир кўтаринки руҳда давом этди. Самарқанд давлат университети Чолғучилар оркестри, Вокалчи қизлар ансамбли ва талабалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.



















Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

