Ижтимоий тармоқларда шу кунларда пайдо бўлган бир хабарда Самарқандда 21 ёшли қиз калтаклангани айтилади. Бизни ажаблантиргани тан жарохати етказган шахс қолиб, унинг қариндошлари нишонга олинаётганлигидир.  Ҳали мазкур воқеани содир қилган шахсга нисбатан айб эълон қилинмасдан, унинг  қариндошлари ҳақида нохолис ахборотларни тарқатаётганлар бир-биридан кўчириб, бирор бир манбани суриштирмасдан, текширмасдан  ким ўзарга пойга ўйнаётганлар ўйлаб кўрса бўларди. Тўғрисини айтганда, кимнингдир ҳуқуқини ҳимоя қилиш бу – бошқаларнинг ҳуқуқини бузиш дегани эмас. Инсон қадри, шаъни бор. Унинг обрў-эътибори бор. Бизнинг назаримизда қонунларимиз бунга йўл қўймайди.  Ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни тарқатган ахборотларига қонуний баҳо беришига ишонамиз.

        Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида А.Ташанов берган маълумот мана бундай бошланади: “Самарқандда 21 яшар қиз калтакланди. Зўравон йигит сенаторнинг яқин қариндоши эканлиги айтилмоқда”... “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш жараёнида зўравон йигит Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг яқин қариндоши — жияни эканлиги аниқланди...”

        Шу ўринда бир саволимиз бор эди. Мабодо қонунларимизга жияни учун жавобгарлик тўғрисида банд киритилганми? Агар бундай банд бўлмаса, инсоннинг шаънига, унинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиш қай даражада тўғри?

        Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати мазкур маълумотларни тарқатаётганлар, унга ўзларича ҳар хил тус бераётганлар, турли уйдирма ва бўхтонлар ёзаётганларни огоҳлантиради. Ҳуқуқий демоктарик давлатда яшаяпмиз. Ҳар ким ўз қилмиши учун ўзи жавоб беради. Лекин бошқаларни бундай ишларда айбдор қилиш ёки обрўйига путур етказишга уринишларга  қонуний баҳо берилишини унутманг.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.