Самарқанд давлат университети талабаси, Дурдона Қурбонова 2020 йил уч олий ўқув юртига ўқишга кирган. Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси, Москва давлат университети каби хорижий таълим даргоҳлари шулар жумласидан. Аммо Дурдона ўқиш учун Самарқанд давлат университетини танлади. Ҳозирда у филология факультетида таҳсил олмоқда. 

    - Ёшлигимдан рус ва инглиз тилларини ўрганиб келаман. 2020 йилда учта университетга ўқишга кириш бахтига эришдим. Бу ҳаётимга жуда катта масъулият юклади ва шу билан биргаликда иккиланишларга сабаб бўлди, - дейди талаба Дурдона Қурбонова.  - Ниҳоят, хорижда эмас, Самарқанд давлат университетида ўқишга қарор қилдим. Ҳозирда Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида тил хусусиятлари бўйича рус тилида тадқиқот олиб боряпман. Келажакда Навоий асарларини рус ва инглиз тилларига таржима қилиб, жаҳондаги нуфузини янада юксакроқ танитиш ниятим бор. Шунингдек, бугунги давр янги ўзбек адабиёти намуналарини ҳам рус тилига таржима қилмоқчиман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир фармони илм-фан билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизлар учун имкониятлар эшигини очди. Шартнома асосида ўқийдиган талаба қизлар учун фоизсиз кредитлар ажратиш, магистратурада таҳсил олаётган қизларнинг шартнома тўлови давлат маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши, докторантура йўналишида махсус квоталар ажратилиши, иқтидорли қизларнинг хорижий ўқув юртларига ўқишга юборилиши шулар жумласидандир. Хотин-қизлар таълими учун берилаётган имкониятлар бошқа давлатда бўлмаса керак. Бунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилигимни билдираман.

 

Ирода БEКМУРОДОВА

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар