Самарқанд давлат университети: Истеъдодли ёшлар мамлакат умиди, миллат таянчи...
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Зебо Абдуллаеванинг “Яна баҳор келди сени сўроқлаб” номли ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Бундан кўзланган асосий мақсад, ёш ижодкорнинг санъат асарларини намоён қилиш ва талабаларга кўтаринки руҳ бағишлашдир.
- Ижодкорнинг чизгилари ўзига хослиги, жозибадорлиги, муайян йўналишга эгалиги билан алоҳида ажралиб туради, - дейди СамДУ санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Самандар Муранов. - Талаба асосан графика, рангтасвир, қаламтасвир турлар бўйича ижод қилади. Зебо ёш бўлишига қарамай асарларидаги эришган ютуқлари ёш ижодкорларни тарбиялашда бадиий маданият, фикрлаш, тафаккурини юксалтиришда, талабаларнинг ижодий билимини кенгайтириш ва фаолиятини мукамаллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга талабаларни санъатнинг графика, рангтасвир ва қаламтасвир турларига қизиқишини янада кучайтиришда муҳим омил бўлади.
- Бугунги кўргазмада Зебо 40 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашмоқда. Ранглардан янгича услубда фойдаланиш, ғояларини ноодатий шаклда ёритиб бериши, шаклларни ўзига хос усулда уйғунлаштириш унинг ижодий янгилигидир, - дейди СамДУ санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Кумуш Нарзиева. - Зебо асарларида шоира Зулфия ижодини ёритиш, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асар воқеалари сюжетлари, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”, “Лайли ва Мажнун” достонлари воқейликлари ифодасини учратишимиз мумкин. Бу унинг аждодлар меъросини ўрганиш ва талқин қилишнинг нечоғлик муҳимлигини англагани таҳсинга сазовор.



Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.

