Халқ оғзаки ижоди - миллий ва ноёб қадрият
Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультетида Наврўз байрами муносабати “Халқ оғзаки ижоди- ноёб қадрият” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Бунда факультет талабалари ўзбек миллий маданиятини, урф-одатларини кўрсатган ҳолда, куй-қўшиқ ва халқ оғзаки ижоди намуналари орқали томошабинларга кайфият улашди.
- Бугунги тадбирни ўтказишимиздан асосий мақсад, йўқолиб бораётган миллий қадриятларимизни намоён қилиш ва асраш, - дейди бошланғич ва технологик таълим кафедраси доценти Гулбаҳор Рахимова. – Шунинг учун ҳам тадбир иштирокчиларининг кийиниш маданияти ва қўшиқларни ижро этилишида миллийликка тўлиқ эътибор қаратдик. Бўлажак педагоглар университетни тамомлаб, бошланғич таълим соҳасида фаолиятларини давом эттирар экан, ушбу миллийликни ўқувчи ёшларнинг мурғак қалбига жо этишига ишонаман.
- Баҳор бу фаслларнинг энг гўзали. Наврўз эса яшнаш, яшариш байрами. Табиатнинг уйғониши билан боғлиқ янги куннинг бошланишидир, - дейди мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси Зуҳра Гулханова. - Ота-боболаримиз, бувиларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимлар ўтказишган. Аждодларимиз Наврўз байрамига атаб махсус кийимлар тикишган ва уларни кийиб, байрам қилишган. Бу байрамда болаларнинг иштироки жуда фаол бўлган. Улар Наврўз байрамида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнаганлар. От ўйин, чиллак, тошўйин, лапар айтиш ва бошқалар. Ушбу тадбирда биз ҳам мана шу миллийликни кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.








Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

