Самарқанд давлат университети ёш дастурчилари ICPC Халқаро CP турнирининг ярим финалида иштирок этади.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Start-up лойиҳаларини қўллаб қувватловчи Инкубация маркази резидентлари ICPC Халқаро CP турнирининг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди. Танловда Самарқанд давлат университетининг ёш дастурчилари уч кишидан иборат 9 жамоа, жами 27 нафар талаба иштирок этиб, 3 жамоа ярим финал босқичига йўл олди.
ICPC (International Collegiate Programming Contest) халқаро танлови тўрт босқичдан: нимчорак, чорак, яримфинал ва финалдан иборат.
Нимчорак саралаш босқичида Ўзбекистон ва Тожикистон талабаларидан иборат 150 дан ортиқ жамоа иштирок этиб, университетнинг 7 жамоаси чорак финалга чиқди.
Чорак финалда эса 52 жамоа қатнашиб, Самарқанд давлат университетининг 3 жамоаси (LifePC Group, SamDU Dream Team, SamSU ITEG) 12-13 апрель кунлари Қозоқистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган ярим финалга қатнашиш имкониятига эга бўлди.
- ICPC халқаро танлови жаҳондаги энг нуфузли алгоритмик дастурлаш мусобоқасидир. Бунда уч кишидан иборат жамоа ҳамкорлик, ижодкорлик, инновация ва тезкорлик қобилиятини ривожлантириб, реал муаммоларни ҳал қилиш учун ишлайди, - дейди SamDU Dream Team жамоаси сардори, рақамли технологиялар факультети магистранти Аслиддин Сайидқулов. - ICPC халқаро танловида беш йилдан буён иштирок этиб келаман, ҳар сафар чорак финалда келганда тўхтаб қолардик. Халқаро ИТ компаниялари, жумладан, Microsoft, Yandex, Telegram асосчилари ғолиб бўлган танловда қатнашиш мен учун шараф. Олдимизда катта мақсадларни қўйганмиз. Насиб қилса ярим финал ва финалда ғалаба қозониб, Самарқанд давлат университети шарафини муносиб ҳимоя қиламиз. Шу ўринда бизга дастурлаш соҳасини ўргатиб келаётган доцент Файзулло Назаров ва Зоҳид Қайтаровга миннатдорчилик билдираман.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги жамоалар ярим финалда ғалаба қознишса, жорий йилнинг май ойида Қоҳира шаҳрида финал босқичида иштирок этади.





Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

