Самарқанд давлат университетида академиклар билан учрашув бўлиб ўтди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Физиклар Кенгаши раиси, академик Қодир Ғуломов ва академик Муҳсинжон Ашуров билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева, вилоятимиздаги физика фани ўқитувчилари иштирок этди.
Давра суҳбатида академик Қодир Ғуломов Самарқанд мамлакатимизнинг асосий илм-фан маркази эканлигини, бу азим шаҳар билан барча юртдошларимиз фахрланишини таъкидлади. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Физиклар Кенгаши тузилганлигини, мазкур кенгашнинг асосий вазифаси юртимиздаги барча таълим муассасаларида физика фанини ўқитишни янада такомиллаштириш, уни замонавий форматда ташкил этиш эканлигини айтиб ўтди. Академик мактаблардаги вазиятга тўхталар экан, айни пайтда мамлакатимиз мактабларининг 54 фоизи физика фани ўқитувчилари билан таъминланганини афсус билан қайд этди. Шу сабабдан ҳам юртимиз зиёлиларига мурожаат қилиб, бор диққат-эътиборларини мактабга қаратишга чақирди.
Академик Муҳсин Ашуров 2030 йилга бориб, ҳозирги кўплаб касбларнинг йўқолиб кетиши кутилаётганлигини, ёшларга кўпроқ замонавий фанга таянган ҳолда таълим бериш лозимлигини таъкидлади. Самарқанд давлат университети муҳандислик физикаси институтининг очилаётганлигини алоҳида қайд этиб, ушбу таълим масканини ана шундай янги кадрлар етиштирувчи даргоҳга айланишига ишонч билдирди.
- Бугунги учрашув мен учун ижобиий таассуротларга бой бўлди, - дейди Каттақўрғон тумани 17-мактабнинг физика фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Камолиддин Одилов. – Чунки соҳанинг келажаги учун кўплаб таклифлар, фикрлар илгари сурилди, муҳокама этилди. Энг асосий масала сифатида физика фани ўқитувчиларининг дарс жараёнларини замонавий ташкил этиш учун ўқув-методик қўлланма яратишга қаратилди. Тўғрисини айтганда, сўнгги йилларда физикани ўқитишнинг самараси анча пасайди. Бунга ўқитувчининг илмий эмас, балки методик маҳоратининг доимий равишда янгиланиб, замонавийлашиб бормаслиги сабаб бўлди. Бу жараёнларни яхшилаш учун бизга фақатгина вақт лозим. Бугун айнан шу масалани академик устозларимиз билан муҳокама қилиб олдик. Улар бизга ҳар томонлама амалий ёрдам беришини, доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида фанни ривожлантиришнинг ноанъанавий услублари тўғрисда ҳам фикр алмашилди. Самарқанд давлат университети умумий физика кафедраси профессори Облоқул Қувондиқов соҳани ривожлантиришнинг халқаро стандартларини университетга жорий этиш юзасидан олиб борилаётган тажрибалар тўғрисида маълумот берди. Хорижий амалиётларни интеграциялаш физикани ривожлантирувчи асосий омиллардан бири бўлишини таъкидлади.
























Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

