Самарқанд давлат университети талабалари Шўртан газ кимё мажмуасида амалиёт ўтайди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети кимё факультети профессор-ўқитувчилари, магистрант ва талабалари Шўртан газ кимё мажмуасида бўлди.
Самарқанд давлат университети ушбу саноат корхонаси билан 2022 йилнинг аввалида меморандум имзолаган. Унда ишлаб чиқаришнинг малакали мутахассисларини СамДУ профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда муаммолар ечимига йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ташкилот объектларида талабаларнинг амалиётини устоз-шогирд анъанаси асосида ўтказилишини таъминлаш, ёшларда ишлаб чиқаришнинг инновацион технологиялари билан яқиндан таништириш асосий мақсад қилинган.
Ташриф давомида талабалар заводнинг иш фаолияти, унинг газ хромотографияси лабораторияси билан танишдилар. Ушбу лабораторияда полиэтилен маҳсулотини олиш, унинг зичлигини ўлчаш ва бошқа турли машғулотлар ўтказилди.
- Самарқанд давлат университети билан доимий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган, - дейди Шўртан ГКМ нинг ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази бошлиғи Абдураззоқ Бухаров. – Мажмуада мавжуд лаборатория ходимларининг илмий-изланишларини ташкил этиш, уларнинг малакасини оширишда университет билан биргаликда ишлаяпмиз. Илмий тажрибалар ўтказиш ва кафедраларнинг ишлаб чиқариш базаларини ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш ҳам муҳим вазифаларимиздан бири. Ўйлайманки, бу алоқалар фан билан амалиётнинг ёнма-ён юришида муҳим аҳамият касб этади.
- Шўртан ГКМ билан ҳамкорлигимизнинг бош мақсади талабаларнинг амалиётини мазкур мажмуада ўтказиши учун келишувга эришишдир, - дейди СамДУ кимё факультети декани, доцент Норйигит Мусулмонов. – Бугунги учрашувда талабаларимиз корхона лабораторияси фаолияти билан батафсил танишди. Улар эндиликда амалиёт ва илмий-тадқиқот фаолиятини Шўртан ГКМ да ўтказиш учун бепул турар-жой ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади. Яқин кунларда ушбу мажмуага кимё факультети магистрантларининг амалиёт ўташи режалаштирилган. Ёшлар энди яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиши зарур.
















Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

