Ўрта Осиёда ягона Самарқанд давлат университети виварийси
Самарқанд давлат университетига академик Бакриддин Зарипов бошчилигида Ўзбекистон Миллий университетининг 12 нафар ёш тадқиқотчиси ташриф буюрди. Бундан асосий мақсад Самарқанд давлат университети биология факультети фаолияти ва илмий лабораториялари билан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишдир. Ташриф давомида тадқиқотчилар СамДУ даги зоология музейи, одам ва ҳайвонлар физиология лобораторияси, оранжерия ҳамда виварийлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
- Самарқанд давлат университети биология факультетига илк бор ташриф буюришимиз, - дейди ЎзМУ магистранти Шаҳло Хўжаева. – ЎзМУ билан таққосладим. Биз ўрганадиган, биздан ўрганадиган томонлар ҳам бор. Самарқанд давлат университети талабаларига ҳавасим келди. Бу ерда яратилган имкониятлар ҳақиқатдан ҳам таҳсинга сазовор. Айниқса, зоология музейига саёҳат қилар эканман, ўзимни табиат оламга тушиб қолгандек тасаввур қилдим. Беш мингдан ортиқ ноёб коллекциядан иборат илмий лаборатория музейи мени ҳайратга солди. Келажакда тадқиқотларимни давом эттиришда Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдим.
- Самарқанд давлат университетига ташриф буюришимиздан олдин, бу ердаги шароитлар ҳақида роса қизиққан эдим. Бугун барча саволларимга жавоб олдим, - дейди Ўзбекистон Миллий университети магистранти Нуршат Муртазаева. – СамДУ даги зоология музейи, оранжерия, виварийлар фаолиятини кузатар эканмиз шу кунгача учратмаган экспонат, ўсимлик ва ҳайвонлар билан танишишга муваффақ бўлдим. Қойил қолмасдан илож йўқ. СамДУ да илмий иш қилиш учун ажойиб муҳит шаклланган. Айниқса, устозимиз академик Бакриддин Зарипов таъкидлаганидек, “Ўрта Осиёда ягона Самарқанд давлат университети виварийси”да олиб борилаётган лаборатория тажрибалари биз каби тадқиқотчилар учун улкан мактаб вазифасини ўтайди.












Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар

