Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Талабалар бандлигини таъминлаш маркази очилди. Унинг асосий мақсади ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, уларга тўғри йўналиш беришдан иборат.

    Марказ очилганидан атиги 3 кун ўтиб, 100 дан ортиқ талабалар университетнинг вакант лавозимларига, турли давлат ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларига меҳнат қонунчилиги асосида ишга жойлаштирилди.

    - Бизнинг асосий мақсадимиз талабаларни даромадли қилишдир, - дейди СамДУ инсон ресурсларини бошқариш факультети декани, доцент Шоҳрух Жўрақулов. – Ректоримиз, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг қўллаб-қувватлаши, доимий эътибори натижасида биз қисқа фурсат ичида 100 дан ортиқ ёшларимизни ишга жойлаштиришга улгурдик. Бугун ҳам масъуллардан вилоятимиздаги 2 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари маълумотларини олдик. Энди ҳозир уни саралаб, қайси корхонада қандай мутахассисга эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, факультетлар миқёсида тақсимлаяпмиз.

Талаба ишлайди, дегани у етарлича билим ололмайди дегани эмас. Ҳозирги кунда етарли интернет ва керакли илмий манбалар мавжуд. Фақатгина вақтни яхши бошқара олса, бу унинг энг катта ютуғи бўлади. Яна бир жиҳати шундаки, талаба ўз меҳнатининг қийматини билиши керак. У ўзининг устида доимий ишлаши, қай кўникмани шакллантирса янада кўпроқ даромад топиши мумкинлиги ҳақида фикр юритиши лозим. Бу давр мобайнида талабаларимизда энг қимматли нарса бўлган тажриба кўникмаси шаклланиб боради. Талаба чет тилларини билиши, унда нотиқлик қобилияти бўлиши мумкин. Лекин агар тажриба бўлмаса, у ўз билимларини амалиётда қўллай олмайди. Мазкур давр талаба учун, халқ тилида айтганда, пишиш, етилиш даври бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги вақтда университетимиз раҳбарияти томонидан 3 курс талабаларини ҳам ўқув йили давомида амалиётга 4+2 меxанизми асосида юбориш дастури ишлаб чиқилмоқда. Яъни улар 4 кун давомида назарий билим олса, 2 кун амалиёт ўтайди. Ўзбекча ибора билан айтганда, талаба амалиётга борган жойида тошдай қотиши керак. Унинг ҳаракати дадил, ўзи билимли бўлса, ўқишдан кейинги иш жойи ҳам аниқ бўлди, деб ҳисоблайверинг.

    - Анча пайтдан буён иш излаб юрган эдим, - дейди СамДУ мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси Севинч Улашева. - Шу кунгача кўп жойларга ишга жойлашиш мақсадида мурожаат қилган бўлсам ҳам, ҳеч биридан ижобий жавоб ололмаганман, мендан диплом талаб қилишган. Самарқанд давлат университети Талабалар бандлигини таъминлаш марказига келиб, учрашганимдан кейин, бир кун ичида ўзим учун қулай шартларда иш топдим. Менга Рақамли таълим технологиялари маркази тармоқларни бошқариш бўлими техник ходими лавозимида меҳнат қонунчилиги асосида иш беришди. Ҳозирда янги ишимда фаолият олиб боряпман. Ўз ишимга эгалигим мен учун кўплаб имкониятлар эшигини очмоқда.

    - Университетимизда илмий-ижодий муҳит яхшилиги боис шу даргоҳда ишлашни ният қилиб юрардим, - дейди психология факультети талабаси Жавоҳир Самадов. - Бугун ниятим амалга ошди. Университетимизда ташкил этилган Талабалар бандлигини таъминлаш марказига мурожаат қилиб, умумий психология кафедраси кабинет мудири лавозимига ишга қабул қилиндим. 3 кун давомида ўз ишимни ўрганиб, шуни англаб етдимки, ишим университетдаги дарс жараёнларига умуман халал бермаяпти. Мен ўз вақтимни тўғри тақсимлаб, қўшимча равишда инглиз тилини ҳам ўрганяпман. Ўз тенгдошларимга ҳам вақтини тажриба орттириш учун, илм олиш учун сарфлашини маслаҳат берган бўлар эдим.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.