Амалий ишлар даври

Талабалар бандлиги таъминланади...
Самарқанд давлат университетида мазкур муҳим масалага бағишланган ректор ва ёшлар учрашуви ўтказилди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов талабалар билан бандлик масаласида учрашув ўтказди.
- Талабаларнинг иш топишида турли сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида университетимизда Талабалар бандлигини таъминлаш маркази ташкил этилди, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. – Бу бўлим ишлаш истагини билдирган талабаларни меҳнат қонунчилиги асосида ишга жойлаштиради. Бунинг яхлит бир тизими яратилиб, тез орада амалиётга жорий этилади. Сифатли кадр учун ҳамма корхонада иш топилади. Бунинг учун фақат ўқиш керак. Ўқишда ҳам баҳо учун эмас, келажак учун ўқиш талаб этилади. Иш билан таъминланган талабага ва иш берувчига солиқ имтиёзлари жорий этилади. Сизнинг иш билан таъминланишингиз учун барча имкониятларни яратамиз.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган ҳафта олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилиб, масъулларга вазифалар белгилаб берилган эди. Самарқанд давлат университети раҳбариятини ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлашга дарҳол киришгани таҳсинга сазовор, - дейди СамДУ рақамли технологиялар факультети талабаси Оғабек Холиқулов. – Бугунги йиғилишда кўриб турибмизки, ҳақиқатдан ҳам ректоримиз биз билан очиқ, самимий мулоқот қилмоқда. Барча имкониятларни ишга солиб талабаларни иш билан таъминлаш тизими яратилади. Бу каби ҳолат ҳали тарихда бўлмаган. Бунинг учун биз Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Учрашув баҳс-мунозара шаклида давом этди. Рустам Холмуродов талабаларни қийнаётган барча саволларга батафсил жавоб берди. Шунингдек, йиғилишда кўтарилган масалаларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.