Самарқанд давлат университетига Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар бошчилигидаги делегация ташриф буюрди

Самарқанд давлат университети 2016 йилдан бошлаб Туркиянинг кўплаб олий таълим муассасалари, шу жумладан, Истанбул, Анқара каби нуфузли университетлари билан мақсадли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь ойида Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги делегациянинг Самарқандга ташрифи, 2021 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд давлат университети жамоасининг Туркия Анқара университетига амалга оширган хизмат сафарлари икки мамлакат олий таълими дўстона муносабатларининг исботидир.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Туркия элчиси Олган Бекар бошчилигидаги делегация билан учрашди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янги форматда ташкил этиш, уни янги босқичга кўтариш, олий таълим соҳасида тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
- Самарқанд давлат университети Ўзбекистоннинг энг қадимий олий таълим даргоҳларидан биридир, - дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда мухтор элчиси Олган Бекар. – Бу таълим маскани билан Туркия олий таълимининг ҳамкорлик алоқалари жуда қадим тарихга бориб тақалади. Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат университети билан Туркиянинг кўплаб университетлари қўшма таълим дастурлари ташкил этиб келмоқда. Биз ушбу таълим муассасаси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятидамиз. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан университетда Туркия маданият марказини очиш юзасидан келишувга эришдик.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.