Роман ёзган талаба
Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети 3-босқич талабаси Тозагул Жангабоева “Қора кучлар ортидан” номли романнинг муаллифи
Тозагул Жангабоева бугунги давр замонавий адабиётининг умидли ижодкорларидан. У насрнинг ҳикоя, роман жанрларида қалам тебратади. Шунингдек, бўш вақтида шеърлар ёзади. Тозагул Жангабоева “Баҳор”, “Оқ ҳарирли қиз”, “Кечикиш”, “Бағритош” каби бир-биридан қизиқарли бўлган ҳикояларнинг муаллифи. У “Дуел”, “Адабиёт учқунлари” каби ижодий танловларда фаол иштирок этган. Ижод намуналари республика ва вилоят нашрларида чоп этилган. Ўтган йил Тозагул учун омад ва муваффақиятларга бой йил бўлди. 2021 йил май ойида унинг “Қалб туғёни” номли илк шеърий тўплами босилиб чиққан бўлса, октябр ойида “Қора кучлар ортидан” романи нашрдан чиқди.
Мазкур роман саргузашт-фантастик жанрда ёзилган бўлиб, унда ижодкорнинг хаёлот оламида яратилган Белловрет деб номланувчи афсунгарлар академияси ва шайтондаралик ёвуз кучлар ўртасидаги адоват ва кураш акс эттирилган. Асар давомида баъзи қаҳрамонларнинг ҳаёти, кечмиши, бошидан ўтказган кўргуликлари ўқувчининг раҳмини келтирса, айримларининг қабиҳликлари китобхоннинг нафратини қўзғатади. Роман болалар, ўсмирлар ва кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.
– Ижод – кўнгил иши. Ҳар бир ижодкор қўлига қалам олиб нимадир ёзар экан, яратаётган асари унинг кўнглида кечган туғёнларнинг маҳсули ҳисобланади. – дейди Тозагул Жангабоева. – Болалигимдан бери жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқишни ёқтираман. Фантастик жанрга қизиқиш менда Жоан Роулингнинг “Гарри Поттер” асарини ўқиш натижасида шаклланган. Жумбоқли воқеалар кетма-кетлиги, уларнинг сирли ва қизиқарли ечимларини ўйлаб топиш ҳамда уни китобхонга жонли тарзда тасвирлаб бериш менга ҳамиша мароқ бағишлайди. 2021-йилда “Фан булоғи” нашриётида илк романим “Қора кучлар ортидан” босилиб чиқди. Ушбу ҳодиса ижодимда жуда катта бурилиш ясади. Асарнинг китобхонлар томонидан илиқ кутиб олингани, устозлар эътирофи навбатдаги мақсадларим сари дадил ҳаракат қилишимга замин ҳозирлади. Айни пайтда романнинг иккинчи фасли устида ишлаяпман. Тез орада иккинчи қисмни ҳам китобхонларга ҳавола қилиш режамда бор. Устозим филология фанлари номзоди, мактабгача ва бошланғич таълим кафедраси доценти Гулбаҳор Раҳимова. Ҳозирда ижод билан биргаликда илмий фаолият билан ҳам шуғулланиб келмоқдаман. Жорий йилда Абдулла Орипов ижоди бўйича ёзган мақолам Ҳиндистонда чоп этилди. Шунингдек, “Йил талабаси” танловида, Зулфия номидаги давлат мукофотининг саралаш босқичларида ҳам фаол иштирок этганман. Келажакда адабиётда ўз ўрнини топган, қалами ўткир ёзувчи бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.

