Самарқанд давлат университетида Нафосат фестивали бўлиб ўтди…
Самарқанд давлат университетида 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Нафосат фестивали бўлиб ўтди. Тадбир СамДУ хотин-қизлар кенгаши томонидан ташкил этилиб, 10 га яқин факультетдан номзодлар иштирок этди. Бунда талабалар 4 шарт бўйича, яъни таништирув, пазандалик маҳорати, миллий либослар кўргазамаси ва эркин мавзу бўйича беллашдилар.
Танлов натижаларига кўра ҳакамлар ҳайъати томонидан:
1-ўрин география ва экология факультети талабаси Ўғилой Шириновага
2-ўрин тарих факультети талабаси Моҳинур Рўзиевага
3-ўрин Интизор Ҳамзаевага насиб этди.
- Баҳор бу фасллар келинчаги. Юртимиз бўйлаб байрам кайфияти ҳукумронлик қилмоқда. Шу билан бирга Самарқанд давлат университетида ҳам байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишмоқда, - дейди психология ва ижтимоий муносабатлар факультети талабаси Хумора Бердимуродова. - Бугунги танловда биз талабалар бир-биримиз билан рақиб сифатида эмас, балки опа-сингил сифатида иштирок этяпмиз. Танлов шартлари бўлажак келин ва хонадон бекалари учун мос тарзда белгилаб олингани таҳсинга сазовор.
- Ўзбекистонда урф-одатларга бўлган ҳурмат, маданият жуда кучли эканлигига амин бўлдим. Бугунги тадбирга мени ҳакам сифатида чақиришганидан жуда хурсандман, - дейди япониялик ўқитувчи Нозоми Кусака. – Танлов менда ўзгача таасурот уйғотди. Айниқса, миллий либослар шартида ўзбек миллийлиги нақадар бой эканлигини кўриб ҳайратландим. Бу танловни ташкил қилганлиги учун СамДУ доцентлари Танзила Мажидова ва Роҳила Сувоноваларга миннатдорчилик билдираман.
Танлов сўнгида талабалар эсдалик совға ва ташаккурнома билан тақдирландилар.






















Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

