Самарқанд давлат университети: Истеъдодли ёшлар мамлакат умиди, миллат таянчи...
Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети ўқитувчиси Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, Малика Жумазода наср йўналишида қалам тебратиб, Маликаи Бахтиёр тахаллуси билан ижод қилиб келмоқда. Шу кунгача ижодкорнинг “Гулханий хонадони санамлари”, “Дунёнинг безагидир набира”, “Ҳалол нон”, “Ирфон олами” каби асарлари нашрдан чиққан. Ижодкор асарлари ранг-баранг мавзуда бўлиб, турли ёшдаги ўқувчилар тоифаси учун мўлжалланган. Масалан, “Ирфон олами” номли ҳикоялар тўплами болалар адабиёти намунаси бўлиб, кичик ёшдаги ўқувчиларни фикрлашга, тарбияга ундайди. Муаллиф асарда болаларнинг тилидан эшитганларига ортиқча сўз ва бирикмалар қўшмасдан, қоғозга туширишга ҳаракат қилган. Ушбу китоб жажжи китобхонлар учун ниҳоятда фойдали асар ҳисобланади. “Нони ҳалол” китоби эса тожик тилида ёзилган ҳикоя ва ҳажвияларни ўз ичига олади. Адиба ҳажвияларида бугунги давр одамлари, ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳамда жамиятдаги турли иллатлар таъсирчан ва бетакрор образларда очиб беради.
Шунингдек, ижодкор факультетлараро педагогика кафедраси мудири, профессор Кибриё Ҳасанова ҳаммуалифлигида тожик тилида таълим олувчи талабалар учун “Ижтимоий педагогика” номли дарслик ҳам чоп эттирган. Бундан ташқари, ўтган йили Ҳиндистонда чоп этилган “Замонавий ўзбек қиссалари” антологиясида ҳам бир нечта ижод намуналари ҳинд ва инглиз тилларида босилиб чиққан.
Шу билан биргаликда Малика Жумазода 2016 йили академик Ботирхон Валихўжаев номидаги университет стипендияси соҳиби бўлган.
- Ҳозирда “Оммавий ахборот воситалари орқали талабаларни ижодкорликка йўналтиришнинг педагогик асослари” мавзусида илмий изланишлар олиб боряпман, - дейди тадқиқотчи Малика Жумазода. – Бунда ёшларнинг оммавий ахборот воситаларида оқилона фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш, замон талабига мос келадиган дастурий воситалардан унумли фойдаланиш орқали ўқувчининг таффаккурини ривожлантириш мақсадга мувофиқ қилинган. Илмий раҳбарим Самарқанд давлат университети профессори Кибриё Ҳасанова. Тадқиқот юзасидан 10 га яқин илмий мақолаларим халқаро ва республика журналларда нашр этилган.




Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

