Россиялик академик
Самарқанд давлат университети талабаларига дарс ўтмоқда...
Самарқанд давлат университети бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Москва давлат университети профессори, Россия Фанлар Академияси магнетизм Кенгаши аъзоси Борис Грановскийнинг университетимиз талабаларига дарс бериши ҳам мана шу алоқаларнинг бир намунасидир.
Борис Грановский бугунги кунга қадар Япониянинг Оёхоши, Испаниянинг Басков каби бир қатор университетларида маъруза ўқиган.
Бугун у Самарқанд давлат университети докторантлари, магистрлари ва битирувчи курс талабаларига “Металларда электронларнинг энергетик сатҳлар бўйича жойлашиши” мавзусида дарс ўтди.
- Самарқанд давлат университети бугун халқаро миқёсда эътироф этилаётган олий таълим масканидир, - дейди Россия Фанлар Академияси аъзоси Борис Грановский. - Бизнинг ушбу университет билан ҳамкорлигимиз анча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Мен СамДУ га охирги марта бундан 10 йил олдин келган эдим. Ҳозир, очиғи мен университетингизда адашиб қоляпман. Ўзгаришлар жуда катта. Ҳаттоки бизда йўқ айрим техникаларни сизда кўряпман. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз икки тарафлама манфаатли бўлади.
- Университетимизда хорижлик профессор-ўқитувчилар сонининг ошиши бу талабаларимизнинг янги илм марраларини эгаллашига катта имкониятдир,- дейди Самарқанд давлат университетети умумий физика кафедраси профессори Облоқул Қувондиқов. – Москва давлат университетининг магнетизм кафедраси билан ҳамкорлик алоқаларимиз янги босқичга чиқмоқда. Борис Грановский фаолияти давомида кўплаб Европа давлатларида бўлган ва ўз соҳаси бўйича илмий тадқиқот фаолияти олиб борган. Эндиликда у бизнинг талабаларимизга ҳам илмий раҳбар, маслаҳатчи бўлади. Биз ҳамкорликда янги илмий изланишлар олиб бормоқчимиз.





Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

