“Тилшунослик назарияси” номли дарслик чоп этилганидан хабарингиз борми?

    Самарқанд давлат университети битирувчиси, Самарқанд давлат чет тиллари институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессори, филология фанлари номзоди  Абдурайим Туробовнинг “Тилшунослик назарияси” номли дарслиги нашрдан чиқди.

    Дарслик бакалавриат босқичи 1-курс талабаларига мўлжалланган бўлиб, ундан тилшунослик назарияси фани, тилнинг ижтимоий табиати, тил ва тафаккур масалалари, тил тараққиёти, таниқли тилшунос олимларимизнинг дунё тиллари бўйича фикр ва қарашлари борасида илмий-назарий таҳлиллар ўрин олган.

     Ушбу дарслик “Тилшунослик назарияси фанининг мақсади, вазифалари”, “Тилнинг ижтимоий табиати”, “Тил ва тафаккур”, “Тил ва нутқ муносабати”, “Тил – рамзлар тизими”, “Тилларнинг шаклланиши ва тараққий қилиши”, “Дунё тиллари ва уларнинг таснифи” каби мавзулардан иборат.   Талабаларнинг мустақил билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун мавзулар юзасидан тестлар тузилган. Ҳар бир янги мавзу бўйича қўйилган назарий масалалар режа, таянч сўз ва иборалар асосида ёритилган. Шунингдек, дарсликнинг якуний қисмида тилшунослик терминларининг уч тил: ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги луғати берилган.

    - Тилшунослик тарихи тилнинг жамиятдаги ўрни, тилнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти ҳақидаги турли хил қарашларни, назарияни текширади, -дейди профессор Абдурайим Туробов. – Тилшунослик назарияси кўпроқ умумий тилшуносликка асослангани учун айрим бир тил ҳақидаги назариялар ҳақида тўхталмасдан, балки умумий тилшунослик ҳажмидаги назарияларни ўрганади. Талабаларнинг тилшунослик назарияларни ўзлаштириши осон бўлиши учун айрим ўринларда тилшунослик назариясини жаҳон тиллари грамматик типологиясига солиштиришга ҳаракат қилдим. Жаҳон тилларининг фонетик, морфологик, синтактик тизимидаги айрим грамматик ҳодисалар барча тилда ҳам мавжуд. Лекин бу ҳодисаларнинг ифодаланиши, маъноси ва бошқа хусусиятлари билан ўзига хос жиҳатларга эга.

    Мазкур дарслик кўп йиллар давомида  ўқилган маърузалар, кузатилган, ўрганилган, қўлланилган тажрибалардан келиб чиқиб яратилган. Дарсликда материаллар ўзига хос тарзда узвий боғлиқликда ва кетма-кетликда берилган.

    Шу кунга қадар муаллифнинг ўзбек тили, тилшуносликка кириш, тил назарияси, умумий тилшунослик, нутқ маданияти фанлари бўйича 100 дан ортиқ илмий ишлари, шу жумладан: 4  ўқув-услубий қўлланма, 2  луғат ва 3  монографияси нашр этилган.

Ирода БЕКМУРОДОВА,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси,

Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби.