Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан  фундаментал лойиҳалар танлови эълон қилинган эди. Самарқанд давлат университети профессори, физика-математика фанлари доктори Рустам Ибодов Энштейн тенгламаларининг қора туйнуклар (Black Holes) ва юмронқозиқ инлари (Wormholes) учун янги ечимлар номли лойиҳаси билан иштирок этиб, 899 990 000 сўм миқдорда грант ютиб олди.

    - Лойиҳанинг асосий мақсади модернизацияланган Энштейн тенгламаларидан фойдаланиб, қора туйнук ва юмронқозиқ инлари ечимларини топишга қаратилган, -дейди Самарқанд давлат университети профессори Рустам Ибодов. – Ушбу лойиҳада Scopus ва Web of Sceince базаларга кирувчи халқаро журналларда илмий мақолалар чоп қилиш мақсадга мувофиқ қилинган. Шу билан биргаликда лойиҳада иштирок этаётган ёш олимларнинг PhD ва DSc илмий даражалари ҳимояси режалаштирилган. Лойиҳага Германиянинг Олденбург университети профессори Ютта Кунз ҳаммуалифлик қилмоқда.

    - Профессор Рустам Ибодов Самарқанд давлат университети назарий физика мактаби асосчиси, - дейди тадқиқотчи Сардор Муродов. - Энштейн тенгламаларининг қора туйнуклар (Black Holes) ва юмронқозиқ инлари (Wormholes) учун янги ечимлар номли Рустам Ибодов бошчилигидаги лойиҳада 4 киши қатнашиб, грант соҳиби бўлдик. Бу бизнинг илмий фаолиятимизнинг кенгайиши ва ривожланиши учун хизмат қилади. Келажакда бу ишимизни янада кенгайтириб, назарий физика мактабимизни дунё миқёсида намоён қилмоқчимиз.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.