Самарқанд давлат университетида Президент ва  давлат стипендиялари соҳиблари ва уларнинг илмий раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Истеъдодли ёшларни ва фидойи домлаларни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов табриклади: Сизлар университетимизнинг фахр-ифтихорисиз. Минглаб ёшларнинг орасидан саралаб олинган, Ватаннинг эртанги кун умидларисиз. Сизга ҳавас қиладиганлар сони янада ортишига ишонаман. Аслида талаба учун мазкур стипендиялар энг олий мукофот, эътироф ҳисобланади. Сиз бундан-да фаол, фидойи бўлишингиз керак. СамДУ нинг номини нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон бўйлаб довруқ қозонишига ўзингизни муносиб ҳиссангизни қўшинг. Ҳаёт аслида курашдан, интилишдан, изланишдан, ҳаракатдан иборат. Илм-фаннинг энг юқори чўққиларини забт этишингизга ишонаман. Сизларнинг орангиздан келгусида дунё тан олган алломалар, Нобель мукофоти лауреатлари, фан ва жамоат арбоблари етишиб чиқиши ишонаман. Самарқанд давлат университетининг шон-шуҳрати учун бутун куч ғайратингизни сафарбар этинг. Йўлингиз ёруғ, иқболингиз порлоқ бўлсин...

    СамДУ ректори иқтидорли талабаларнинг илмий раҳбарларини  фахрий ёрлиқ пул мукофот  билан тақдирлади. Стипендиантларга Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг тегишли гувоҳномалари тақдим этилди.

    - СамДУ талабаларининг эришаётган ютуқлари, биз профессор-ўқитувчиларга чексиз мамнуният бағишлайди. Менинг ўқувчим, филология факультети 3-курс талабаси Ирода Бекмуродова Алишер Навоий номли давлат стипендиясига сазовор бўлди, - дейди ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Орзибони Юсупова. –Ирода истеъдодли ёзувчи ҳам. Унинг илк  илмий изланишлари таниқли олимлар томонидан ҳам эътироф этилган. Мен Ирода билан фахрланаман.

    - 2019 йилда  Самарқанд давлат университети тарих факультетига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиндим, - дейди Алишер Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Меҳрож Исаев. -  Уч йил мобайнида 20 га яқин Халқаро ва Республика журналларида илмий мақолаларим нашр этилди. Илмий раҳбарим тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақуловага алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу ютуқларимда устозимнинг хизматлари катта. 2021 йил Мунозара интеллектуал ўйинида  ғолиб бўлдим.  Худди шу йили “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландим…

    Тадбирда мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Марифат майдони” кўрик танловининг ҳудудий босқичида биринчи, Республикада иккинчи ўринни қўлга киритганлиги учун филология факультетининг “Беҳбудий издошлари” жамоаси пул мукофоти ва ташаккурнома билан тақдирланди.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.