Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетида шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган “Бобур санъатини тасвирлайман” номли кўргазма бўлиб ўтди. Тадбирни Самарқанд бадиий ижодкорлар уюшмасининг раиси Нуриддин Калонов кириш сўз билан очди. Барча иштирокчиларга омад тилади. Танловда 60 га яқин талаба Бобур асарларига иллюстрациялар яратишда миниатюра, нақш, ранг-тасвир услубларидан фойдаланиб, ўз маҳоратларини намойиш этди. Икки босқичли танловнинг  биринчи босқичи гуруҳлар орасида сараланган бўлса, иккинчисида эса факультет миқиёсида ғолиблар аниқланди.

    - Ёш ижодкорларни тарбиялашда бадиий маданият, фикрлаш тафаккурини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади, - дейди санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Самандар Муранов. - Бунда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ҳаёт йўли ва ижоди билан идеал қаҳрамон бўла олади. Унинг ижодини теран ўрганиш, асарларидаги тарбиявийлик ва панд насиҳатларни ёшлар онгига сингдириб бориш танловимизнинг бош мақсадидир.  

    - Бугун ўз иқтидорларимизни намойиш қилиш учун йиғилдик. Мен Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида Самарқанд тасвирини ўзимнинг тасаввуримдан келиб чиқиб қоғозга туширяпман, - дейди талаба Дилором Ўрозбоева. – Бунда асосан Мирзо Улуғбек расадхонаси, Имом-ал Бухорийнинг мақбарасини, қолаверса Бобурнинг ижод қилаётган ҳолдаги композицияси ва ўша даврдаги тарихий обидалар мослашувини яратмоқчиман. Бу каби танловлар бизнинг ижодимизда янада кўтаринки руҳ бағишлайди.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар